Ўзбекистонлик ёшлар Германиядаги халқаро футбол турнирида совриндор бўлди

Август 26, 2026. 10:00 • 2 дақ

202
Ўзбекистонлик ёшлар Германиядаги халқаро футбол турнирида совриндор бўлди
Ўзбекистонлик ёшлар Германиядаги халқаро футбол турнирида совриндор бўлди

ШТАЙНБАХ-ХАЛЛЕНБЕРГ, 26 август. /“Дунё” АА/. Германиянинг Тюрингия федерал ўлкасида таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар халқаро футбол турнирида иштирок этиб, совриндор бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тюрингия федерал ўлкаси ҳукумати, Штайнбах-Халленберг шаҳри маъмурияти ҳамда Жанубий Тюрингия савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада “Ausbildung” дуал касбий таълим дастури бўйича таҳсил олаётган хорижлик ёшлар иштирок этди.

Турнирда 10 та мамлакат ёшлари ўзаро баҳс олиб боришди. Ўзбекистонлик ёшлардан иборат жамоа мусобақа давомида ишончли ўйин намойиш этиб, финал босқичига чиқди.

Қизғин ва муросасиз кечган ҳал қилувчи баҳснинг асосий вақти дурранг билан якунланди. Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланиб, мағлубиятга учраган жамоамиз фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек ўқинг

Тадбир доирасида элчихона вакиллари томонидан Германияда таълим олаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар билан учрашув ҳам ташкил этилди.

Мулоқот чоғида хорижда бўлиб турган ҳамюртларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланди. Юртдошларимизга Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси билан мунтазам алоқада бўлиш лозимлиги, зарурат туғилганда дипломатик ваколатхонага мурожаат қилиш тавсия этилди.

Ёшларимизнинг Германиядаги ўқиш ва меҳнат шароитлари, касбий таълим жараёни, иш берувчилар билан муносабатлар ҳамда кундалик ҳаёт билан боғлиқ фикр-мулоҳаза, таклиф ва мурожаатлари тингланди. Уларни қизиқтирган масалалар бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, тегишли тавсиялар тақдим этилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш