Ўзбекистонда 2010–2024 йилларда ҳар бир банд бўлган шахсга тўғри келадиган ЯИМ икки ҳиссага ошди

Октябрь 15, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 79
Ўзбекистонда 2010–2024 йилларда ҳар бир банд бўлган шахсга тўғри келадиган ЯИМ икки ҳиссага ошди

ТОКИО, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг меҳнат унумдорлиги тўғрисидаги статистик маълумотлари илк бор Осиё маҳсулдорлик ташкилотининг (APO) йиллик халқаро нашри – “APO Productivity Databook” тўпламига киритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур нашрга Ўзбекистон билан бир қаторда Марказий Осиёнинг қолган тўртта давлати ҳам киритилди. Уларнинг кўрсаткичлари тадқиқот билан қамраб олинган Осиё минтақасидаги 38 та давлат билан қиёсий таҳлил қилиш учун ягона статистик базада тақдим этилди.

Ҳисоботларга кўра, Ўзбекистон меҳнат унумдорлигини ошириш борасида Осиёда энг юқори натижаларни кўрсатмоқда. 2010–2024 йилларда ҳар бир банд бўлган шахсга тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 14 минг 400 доллардан 28 минг 900 долларгача, яъни икки ҳиссага ошган. Ушбу кўрсаткичнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 2015–2019 йилларда 5,6 фоизни (38 та иқтисодиёт орасида 5-ўрин), 2019–2024 йилларда эса 3,4 фоизни (7-ўрин) ташкил этди. Умуман олганда, 2010–2024 йиллар давомида ўртача йиллик ўсиш суръати қарийб 5 фоизни ташкил этиб, Ўзбекистонга Хитой ва Бангладешдан кейин 38 та Осиё иқтисодиёти орасида 3-ўринни эгаллаш имконини берди.

Шунингдек, иқтисодиётда ижобий таркибий ўзгаришлар кузатилгани қайд этилди. Агар 2010 йилда қишлоқ хўжалигининг улуши 26,8 фоизни, саноатнинг улуши эса 11,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб қишлоқ хўжалигининг улуши 18,2 фоизга камайди, саноат улуши эса 20,5 фоизга ўсди. Ташкилот вакилларининг баҳолашича, бу ўзгаришлар ҳукуматнинг иқтисодиётни модернизация қилиш ва саноат секторини ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлари самарадорлигини акс эттиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш