Минскдаги халқаро сессияда Ўзбекистоннинг меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги тажрибаси таништирилди
Октябрь 15, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 25
МИНСК, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Беларусь пойтахтида “Рақамли технологиялар шароитида меҳнат бозорининг адолатли трансформацияси” мавзусидаги Халқаро стратегик сессия бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур нуфузли тадбирда ўттиздан ортиқ хорижий давлатнинг касаба уюшмалари ва дипломатик миссиялари раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий ташкилотларнинг уч юздан зиёд вакиллари ва мутахассислари иштирок этдилар.
Анжуманнинг очилиш маросимида Беларусь касаба уюшмалари федерацияси раиси Юрий Сенько, хорижий касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, Хитой ва Мьянма элчилари сўзга чиқдилар.
Сессия иштирокчиларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг фаолияти, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги саъй-ҳаракатлари, ёшлар, хотин-қизлар ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро меҳнат бозоридаги ўрни ва истиқболлари хусусида махсус маъруза тақдим этилди.
Тадбир давомида ташкилотчилар ва иштирокчиларга касаба уюшмалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризмни ривожлантириш, қўшма меҳнат миграцияси соҳасида алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда бошқа долзарб йўналишларда ҳамкорлик қилиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Шунингдек, ялпи мажлислар ва сессия қисмларида рақамлаштириш шароитида ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий кафолатларни сақлаб қолиш бўйича янги амалий механизмларни ишлаб чиқиш ёндашувлари, мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси