Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина ўртасида можарони ҳал этиш бўйича музокаралар якунланди

Ноябрь 11, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 64
Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина ўртасида можарони ҳал этиш бўйича музокаралар якунланди

АБУ-ДАБИ, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Абу-Дабида Россия, АҚШ ва Украина ўртасида урушни эҳтимолий тўхтатиш ҳамда можарони бартараф этиш йўлларини излашга бағишланган уч томонлама музокараларнинг иккинчи куни ниҳоясига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “ТАСС” агентлигига таяниб.

Маслаҳатлашувларнинг якуний қисми қарийб икки соат давом этди. Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров аввалроқ уч томонлама форматдаги учрашувдан сўнг европалик ҳамкорлар билан алоҳида музокаралар ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилган эди.

Муҳокамалар чоғида томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, келгусидаги хавфсизлик кафолатлари, энергетика, Қора денгиздаги хавфсизлик ва ҳарбий асирларни алмашиш масалаларини муҳокама қилди. “AFP” агентлиги маълумотларига кўра, Киев ўт очишни тўхтатишни Европадаги хавфсизлик тизимини кейинчалик муҳокама қилиш учун зарур шарт сифатида талаб қилмоқда.

Музокараларнинг биринчи кунида ҳарбий асирларни “1000 га 1000” ёки “1500 га 1500” формуласи бўйича алмашиш имконияти ҳам кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Москва ва Киевнинг позициялари жиддий фарқ қилаётган ҳудудий масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Украина уруш якунланганидан кейин камида ўн йил давомида 800 минг кишилик армияни таъминлашни молиялаштириш бўйича ҳам халқаро кафолатларга эришишга интилмоқда. Киев буни юз бериши мумкин бўлган янги ҳарбий тажовуздан ҳимояланиш учун зарур деб ҳисоблайди.

Аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский музокараларнинг биринчи кунини мазмунли деб атаб, асосий эътибор гуманитар ва хавфсизлик масалаларига қаратилганини таъкидлаган эди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам учрашувларни самарали деб баҳолади.

Маслаҳатлашувлар якунида АҚШ махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москва ҳамда Киевда дипломатик мулоқотларни давом эттириши кутилмоқда. Бироқ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш юзасидан аниқ келишувлар ҳозирча эълон қилинмади.

“ТАСС” АА сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш