Олмаотада “Экспортчилар карвони – 2026” бизнес-форуми бўлиб ўтди
Июль 23, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 47
ОЛМАОТА, 23 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўзбек-қозоқ тадбиркорлари иштирокида “Экспортчилар карвони – 2026” номли бизнес-форуми ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир давомида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва икки томонлама ҳамкорлик шартномаларини имзолаш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Қозоғистонлик тадбиркорларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифати, ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳияти ҳақида батафсил тақдимотлар ўтказилди.
Ўз навбатида, ўзбекистонлик ишбилармонларга Қозоғистон бозорининг хусусиятлари, экспорт-импорт тартиблари, амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда логистика йўналишлари бўйича амалий тавсиялар берилди.
Бош консулхона вакиллари томонидан иштирокчиларга ташқи иқтисодий фаолиятни юритиш, шартномаларни расмийлаштириш ва консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш масалалари бўйича атрофлича маслаҳатлар берилди.
Ўтказилган тадбир Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси