Яман ҳусийлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги янги зарбалар фонида Саудия танкерларига ҳужум қилди
Июль 23, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 57
ВАШИНГТОН-ТЕҲРОН, 23 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ ва Эрон ўртасида давом этаётган зарбалар алмашинуви фонида Яман ҳусийлари Қизил денгизда Саудия Арабистонининг икки нефть танкерига ҳужум қилганини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Ҳусийлар ҳарбий вакили Яҳё Сарининг маълум қилишича, кемалар аввалроқ эълон қилинган ўтиш тақиқини бузгани учун баллистик ва қанотли ракеталар, учувчисиз учоқлар билан нишонга олинган. Унинг сўзларига кўра, белгиланган барча нишонларга бевосита зарбалар берилгани қайд этилган.
Унинг таъкидлашича, Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадаси доирасида ҳусийлар 10 га яқин кемани йўналишини ўзгартириб, ортга қайтишга мажбур қилган. У Ар-Риёднинг Яманга қарши ҳар қандай ҳаракати Саудия Арабистони ҳудудига янги зарбалар берилишига олиб келиши билан таҳдид қилди.
Саудия Арабистонининг “SPA” давлат агентлиги “Encelia” танкерининг Қизил денгизда ҳужумга учраганини тасдиқлади. Натижада, унинг олд қисмида ёнғин келиб чиққан. Экипажнинг барча аъзолари хавфсиз жойга кўчирилган.
Ҳусийларнинг ҳаракатлари фонида Қўшма Штатлар Эронга навбатдаги зарбалар сериясини йўллади. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Президент Дональд Трампнинг буйруғи билан Эроннинг денгизда жойлашган воситалари, ракета ва дрон омборлари, қирғоқ кузатув пунктлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари каби ҳарбий объектларига ҳужум қилинганини маълум қилди. Бу зарбалар жанговар ҳаракатлар қайта бошланганидан сўнг Америка кучларининг кетма-кет ўн иккинчи операцияси бўлди.
Эрон Иордания, Қувайт ва минтақанинг бошқа мамлакатларидаги Америка объектларига жавоб зарбалари берилгани ҳақида хабар қилди. Эрон ОАВ маълумотларига кўра, ракета тизимлари, қурол-яроғ ва ёқилғи омборлари, АҚШнинг Ал-Адирий, Али ас-Салим, Доҳа ва Арифжон каби ҳарбий базаларига ҳужум қилинган.
Эрон расмийлари, АҚШ зарбалари оқибатида мамлакат жанубида икки киши ҳалок бўлгани, яна бир неча киши жароҳат олганини билдирди. Бундан ташқари, Ислом инқилоби посбонлари корпуси Ҳурмуз бўғозининг жанубий қисмида портлаш юз берганини маълум қилди: битта нефть танкери ёниб кетган, яна иккита кема миналаштирилган ҳудуддан ўтишга урингач, ортига қайтган. Теҳрон бўғоз Эрон назорати остида ва ёпиқ эканини маълум қилди.
АҚШ ҳам ўз ҳарбий хизматчилари орасида йўқотишлар борлигини хабар қилди. АҚШ ҳарбийларига кўра, Эрон билан уруш давомида 18 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган, 450 дан ортиғи яраланган. Дональд Трамп Иордания ва Ироқдаги ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган тўрт нафар америкалик ҳарбийнинг жасадини ватанига қайтариш маросимида иштирок этди.
Айни пайтда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси 2027 йилда Пентагоннинг ҳарбий эҳтиёжлари учун 1 триллион 150 миллиард доллар ажратишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси