Андижонда саноат корхоналари учун малакали кадрлар тайёрланмоқда

Сентябрь 23, 2026. 15:25 • 2 дақ

48
Андижонда саноат корхоналари учун малакали кадрлар тайёрланмоқда

ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Андижон туманидаги “Ипак йўли” саноат зонаси ҳудудида жойлашган техникум фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда янги саноат корхоналарини ишга тушириш билан бир қаторда улар учун малакали мутахассислар тайёрлашга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Бунда таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш муҳим ўрин тутади.

“Андижон-Ҳуаня” халқаро техникуми ана шу мақсадда ташкил этилган. Техникум “Ипак йўли” ҳудудидаги тўқимачилик, машинасозлик, электротехника ва бошқа юқори технологияли корхоналар учун талаб юқори бўлган йўналишларда мутахассислар тайёрлайди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил этиб, тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилди. Натижада 150 та янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек ўқинг

Тўрт гектар майдонда 5 минг нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий ўқув биноси қуриб битказилди. Кейинги босқичда ётоқхона, лаборатория биноси, спорт майдончаси, ошхона ва яшил ҳудуд барпо қилинади.

Муассасада дуал таълим тизими жорий этилган. Ўқувчилар назарий билимларни техникумда эгаллаб, амалиётни саноат зонасидаги йирик корхоналарда ўтайди. Шу тариқа улар ўқиш давридаёқ ишлаб чиқариш жараёни, замонавий ускуна ва технологиялар билан яқиндан танишади.

Техникум жорий йил июнь ойида ишга туширилди. Ҳозирда бу ерда 210 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 2030 йилга қадар йиллик қабулни 1 минг 800 нафарга, ўқувчиларнинг умумий сонини эса 4 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, таълим йўналишларининг сони 20 тагача кўпайтирилади.

Президентимиз техникумда яратилган шароитлар билан танишди, ёшлар ва инвестор билан суҳбатлашди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш