Ўзбекистон ва Ироқ савдо-инвестиция йўналишида янги лойиҳаларни белгилаб олди
Сентябрь 23, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 40
БАҒДОД, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ироқ пойтахтида Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусовнинг мамлакат расмийлари билан қатор учрашувлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида томонлар савдо ва транспорт логистикаси, консуллик ҳамкорлиги ва шартномавий-ҳуқуқий база масалаларини муҳокама қилди.
Ироқ савдо вазири Мустафа Назар Жумаа билан музокараларда асосий эътибор ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш ва тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри муносабатларга қаратилди.
Томонлар Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини келишиш ҳамда Бағдод ва Эрбил шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйларини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, Иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги бўйича қўшма ҳукуматлараро қўмитанинг биринчи йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, 2027 йил 23–29 январь кунлари бўлиб ўтадиган 50-Бағдод халқаро ярмаркасида Ўзбекистоннинг миллий павильон билан иштирок этиш масаласи кўриб чиқилди.
Ироқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Баҳрул Улум билан учрашувда томонлар олий даражадаги ташрифлар алмашинуви, сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш ва консуллик ҳамкорлигини кенгайтириш хусусида фикр алмашди.
Хусусан, Ўзбекистон фуқароларининг Ироқ электрон виза тизимидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқиш, ваколатли идоралар ўртасида консуллик масалаларини ҳал этишни тезлаштириш таклиф этилди.
Алоҳида музокаралар инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ҳамда халқаро ташишлар тўғрисидаги битимлар лойиҳаларига бағишланди.
Иштирокчилар Ўзбекистоннинг экспорт-импорт юклари учун Умм-Қаср портидан фойдаланиш ва ташқи савдо учун зарур бўлган ҳужжатларни ўзаро тан олиш имкониятларини муҳокама қилди.
Учрашувлар якунида иштирокчилар тегишли идоралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш ва эришилган келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси