Нана Балле: “Атлас байрами” кутилгандан-да ажойиб ўтди
Сентябрь 23, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 126КОПЕНГАГЕН, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Марғилон шаҳрида “Атлас байрами” VII Халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу маданий тадбирда турли мамлакатлардан моҳир усталар, дизайнерлар, тўқимачилик соҳаси мутахассислари, тадқиқотчилар, журналистлар ва маданият вакиллари иштирок этди.
Фестиваль меҳмонлари орасида даниялик таниқли журналист Нана Балле ҳам бор эди. У тадбир давомида олган таассуротларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида фото ва видеолавҳалар орқали кенг ёритди.
Журналистнинг таъкидлашича, фестиваль кутилганидан-да қизиқарли ва таассуротларга бой ўтган.
“Фарғонадаги мода намойишларини кузатиш, маҳаллий бозорларни айланиш, шаҳар муҳитини ҳис қилиш ва ҳунармандчилик буюмлари билан танишиш менда катта қизиқиш уйғотди”, – дейди Нана Балле.
Унинг қайд этишича, сафар давомида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” кўргазмаси, халқ сайиллари, ҳунармандчилик ярмаркаси, халқаро конференция ҳамда анъанавий ҳунармандчилик йўналишидаги маҳорат дарслари унда катта таассурот қолдирган.
Айниқса, Фарғона водийсида асрлар давомида шаклланган тўқимачилик ва ҳунармандчилик анъаналари, миллий матоларнинг ўзига хослиги ҳамда замонавий дизайн билан уйғунлашуви журналистнинг эътиборини тортган.
Нана Балле фестиваль давомида кўрган-кечирганлари асосида махсус материал тайёрлашни режалаштираётганини маълум қилди.
“Фестивалда кўрган-кечирганларим ҳақида материал тайёрлашни режалаштираяпман. Унда Ўзбекистоннинг бой ҳунармандчилик ва дизайн анъаналари кенг ёритилади. Бу мавзу ўқувчиларда ҳам катта қизиқиш уйғотади, деб ўйлайман”, – деди у.
“Атлас байрами” нафақат миллий тўқимачилик анъаналарини тарғиб этиш, балки Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва замонавий дизайн имкониятларини халқаро жамоатчиликка намойиш этиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



