Бухорода халқаро тадбирлар ва сайёҳлар учун янги туризм маркази барпо этилмоқда
Ноябрь 03, 2026. 15:40 • 3 дақ
• 110
ТОШКЕНТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Бухоро шаҳрида қурилаётган янги туризм марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, қадимий Бухоронинг тарихий обидалари, ҳунармандчилик ва гастрономия анъаналари сайёҳлар учун катта қизиқиш уйғотади. Янги марказда бу бой меросни замонавий хизматлар билан уйғунлаштириш, шаҳарда йирик халқаро маданий ва ишбилармонлик тадбирларини ўтказиш учун шароит яратиш кўзда тутилган.
Президентимиз жорий йил январь ойида Бухоро шаҳрининг бош режаси муҳокамасида маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва сифатли бошқарувини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Мазкур марказ ҳам меҳмонлар учун турли хизматларни бир ҳудудда жамлашга қаратилган.
Мажмуа 50 гектар майдонда барпо этилмоқда. Лойиҳага жами 105 миллион доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, ҳудудда қабуллар уйи, кўргазмалар зали, музей, иккита замонавий меҳмонхона, 80 та оилавий меҳмон уйи, 2 минг ўринли амфитеатр, 70 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этилади. Шунингдек, сайилгоҳлар, ҳунармандчилик марказлари ва сунъий кўл ташкил этилади. Иншоотлар қиёфасида Бухоро меъморчилигига хос анъаналарни замонавий ечимлар билан уйғунлаштириш назарда тутилган.
Ҳозир марказнинг 10 гектар майдонида муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнга 50 га яқин махсус техника жалб қилинган.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 2 мингта иш ўрни яратилиши, Бухорога қўшимча 2 миллиондан ортиқ сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий бюджетга йиллик тушум 288 миллиард сўмни ташкил этиши мумкин.
Президентимиз лойиҳанинг аҳамияти бунёд этилаётган бинолар билангина ўлчанмаслиги, асрлар давомида илм-маърифат, савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган Бухоронинг шуҳратига муносиб муҳит яратиш, унинг бой меросини дунёга янада кенг танитиш муҳимлигини қайд этди. Янги марказга келган меҳмон шариф шаҳарнинг тарихий руҳини ҳис этиши, бугунги тараққиётини кўриши, бухороликлар эса туризм ривожидан иш ўрни ва даромад кўриши лозим. Президентимиз лойиҳани ана шу мақсадлардан келиб чиқиб амалга ошириш вазифасини қўйди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбари Бухоро инфратузилмасини 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган саммитларга пухта тайёрлаш юзасидан мутасаддиларнинг ахборотларини тинглади ва тегишли топшириқлар берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси