Ўзбекистон ҳамда Туркманистон китоб нашри ва полиграфия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Ноябрь 03, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 78
АШХОБОД, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимов Туркманистон Давлат нашриёт хизмати раиси Маҳмат Чариев билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида томонлар китоб нашри, полиграфия ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар. Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва стратегик муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилиб, нашриёт ва полиграфия корхоналари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳмат Чариев Давлат нашриёт хизмати фаолияти, китоб нашрини ривожлантириш, полиграфия тармоғини модернизация қилиш ва оммавий ахборот воситалари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Ҳозирда мазкур ташкилот ижтимоий-сиёсий, бадиий, илмий ва болалар адабиётини, шунингдек, замонавий полиграфия маҳсулотларини нашр этмоқда.
Маҳкама раҳбари Ўзбекистоннинг етакчи нашриётлари ва полиграфия корхоналари билан алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда ўзбек ва туркман классик ҳамда замонавий адабиёти намуналарини икки мамлакат тилларига таржима қилиш ва нашр этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қўшма китоб кўргазмалари ва ярмаркаларини ташкил этиш, касбий тажриба алмашиниш ҳамда полиграфия ишлаб чиқаришига замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси