Вашингтондаги Гудзон институтида Ўзбекистон – АҚШ шериклигини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди

Ноябрь 21, 2026. 17:00 • 3 дақ

• 1
Вашингтондаги Гудзон институтида Ўзбекистон – АҚШ шериклигини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди
Вашингтондаги Гудзон институтида Ўзбекистон – АҚШ шериклигини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди
Вашингтондаги Гудзон институтида Ўзбекистон – АҚШ шериклигини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди
Вашингтондаги Гудзон институтида Ўзбекистон – АҚШ шериклигини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди

ВАШИНГТОН, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 19 ноябрь куни Гудзон институтида “Янги Ўзбекистон ва Ўзбекистон – АҚШ стратегик алоқалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Гудзон институти — 1961 йилда ташкил этилган, бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган АҚШнинг нуфузли таҳлил маркази. Миллий хавфсизлик, ташқи ва ички сиёсат, иқтисодиёт, технологиялар ҳамда ҳуқуқ соҳаларидаги тадқиқотларга ихтисослашган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Ариповдан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. АҚШ томонидан етакчи таҳлил марказлари вакиллари ва Давлат департаменти ходимлари қатнашди.

Икки томонлама шерикликни мустаҳкамлаш, саноат ва технология соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари диққат марказида бўлди.

Ҳадсон институти президенти Жон Уолтерс кириш сўзида АҚШнинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётганини қайд этди. У АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг жорий йил октябрь ойида Самарқандга ташрифи ва у ерда бўлиб ўтган “C5+1” форматидаги учрашувни бунинг яққол тасдиғи сифатида кўрсатди. Жон Уолтерс Ўзбекистон билан эришилган келишувлар кўламини ҳам юқори баҳолаб, умумий қиймати 12 миллиард долларлик битимлар тўпламини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Ҳамкорликнинг амалий йўналишларини муҳокама қилиш чоғида иштирокчилар саноат ва технологик кооперацияга, жумладан, муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар. Қиймат яратиш занжирининг барча босқичларида — геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришгача, шунингдек, илмий тадқиқотлар ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Иқтисодий ҳамкорлик мавзусини давом эттириб, Элдор Арипов машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва молия соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини қайд этди. Унинг таъкидлашича, АҚШ маҳсулотларини харид қилишдан узоқ муддатли инвестициялар, қўшма ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат яратишга ўтиш икки томонлама шерикликнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.

Элдор Арипов транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантиришни ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этди. Эксперт “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли, Транскаспий йўлаги ва Трансафғон темир йўли лойиҳасининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда етказиб бериш занжирларини диверсификация қилишдаги салоҳиятини таъкидлади. Ушбу йўналишларнинг очиқ ва фойдаланиш учун қулай бўлиши, шунингдек, улардан фойдаланиш шартларининг олдиндан маълум бўлиши Марказий Осиё давлатлари ҳамда АҚШнинг узоқ муддатли иқтисодий манфаатларига мос келиши таъкидланди.

Минтақавий хавфсизлик муҳокаманинг алоҳида мавзуси бўлди. Иштирокчилар терроризмга қарши курашиш ҳамда Афғонистонни иқтисодий ривожлантириш ва минтақавий алоқалар тизимига интеграция қилиш орқали ушбу мамлакатда вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар Ўзбекистон–АҚШ мулоқотини янада ривожлантириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва томонларни қизиқтирган йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш