Қорақалпоғистонда замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш кенгаймоқда
Сентябрь 18, 2026. 21:18 • 2 дақ
• 51
ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Нукус шаҳридаги “Coals KS” корхонаси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 16,3 миллион доллар. Корхонада газоблок ва оҳак ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Газоблок ишлаб чиқариш учун “Нукус” эркин иқтисодий зонасида 4,8 гектар майдон ажратилган.
Оҳак ишлаб чиқариш қувватлари эса Қораўзак туманидаги 4,8 гектар майдонда жойлашган.
Корхона йилига 300 минг куб метр газоблок ва 165 минг тонна оҳак ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ички бозорга замонавий қурилиш материаллари етказиб бериш билан бирга экспортни йўлга қўйиш имконини ҳам беради. Маҳсулотларни Қозоғистон ва Туркманистонга экспорт қилиш режалаштирилган.
Ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган хомашёнинг 96 фоизи маҳаллий манбалардан олинади. Хусусан, кварц қуми, цемент ва гипс мамлакатимиздаги корхоналар томонидан етказиб берилмоқда. Бу маҳсулот таннархини пасайтириш ва таъминот барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Корхонада тайёрланаётган газоблоклар енгиллиги, иссиқликни сақлаш ва товуш изоляцияси хусусиятлари билан ажралиб туради. Улар оддий пишиқ ғиштга нисбатан 3-4 баробар енгил бўлиб, қурилиш харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда корхонада 200 нафар маҳаллий аҳоли меҳнат қилмоқда. Корхона томонидан ҳозиргача умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган 5 та йирик лойиҳа ишга туширилган. Яна 40 миллион долларлик 4 та янги лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулотлар билан танишиб, корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақидаги ахборотни тинглади. Ишчилар билан самимий мулоқот қилди.
Маҳсулот таннархини пасайтириш билан бирга сифатини юқори даражада сақлаш, ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, ходимлар малакасини мунтазам ошириб бориш муҳимлиги таъкидланди. Корхона раҳбарияти ва соҳа масъулларига тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси