Маскатда Ўзбекистон ва Ўмон маданий алоқаларига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди
Ноябрь 05, 2026. 19:20 • 2 дақ
• 21МАСКАТ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Султон Қобус Бош масжидида икки мамлакатнинг бой илмий ва маънавий меросига бағишланган “Ўзбекистон – Ўмон: маданий алоқалар” мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўмон Султонлиги Вақфлар ва диний ишлар вазири Муҳаммад бин Саид бин Халфон Маамарий, илмий доиралар, дипломатик корпус ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари, жамоат арбоблари ва экспертлар иштирок этди.
Симпозиум Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимиз элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Сўзга чиққанлар икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва маданий алоқалар изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб, маънавий қадриятлар муштараклиги ҳамда Ўзбекистон ва Ўмоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида Ислом цивилизацияси марказининг кўргазмаси тақдим этилди. Икки мамлакат олимлари ўртасида илмий мунозаралар ўтказилиб, Ўмоннинг етакчи маданий-маърифий муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Ўмон Миллий архивлар ва ҳужжатлар бошқармаси раиси Ҳамад бин Муҳаммад Аз-Зувайёний ҳамда Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Шунингдек, сафар дастуридан Ўмон Миллий музейи, “Байт аз-Зубайр” музейи ва “Ўмон асрлар оша” музейига ташрифлар ҳам ўрин олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





