Нукусда маҳаллий базальтдан замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда

Сентябрь 18, 2026. 20:48 • 2 дақ

108
Нукусда маҳаллий базальтдан замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда

ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Нукус шаҳридаги “Nukus Insulation Group” корхонаси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, корхонада маҳаллий базальт хомашёсидан замонавий иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқарилмоқда.

Қорақалпоғистоннинг бой табиий ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган ушбу лойиҳа ҳудудда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 9 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилди.

Умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган корхонага Европада ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган. Улар маҳаллий хомашёдан халқаро стандартларга мос маҳсулот тайёрлаш имконини беради.

Корхона йилига 300 миллиард сўмлик 50 минг тонна иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилган.

Базальт асосидаги изоляция материаллари ёнғинга чидамлилиги, иссиқликни сақлаш хусусияти ва узоқ хизмат қилиши билан ажралиб туради. Уларнинг қурилишда қўлланилиши бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш, иситиш ва совитиш харажатларини камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек ўқинг

Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар билан танишиб, корхона жамоаси билан самимий мулоқот қилди.

Шу ернинг ўзида Қорақалпоғистон туманларига бириктирилган вилоятлар ҳокимлари ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Президентимиз вилоятлар кўмагида ушбу туманларни қўллаб-қувватлаш ва ободонлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудлар ўртасидаги алоқалар ва ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлаш, мавжуд имкониятлардан биргаликда фойдаланиб, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

 


 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш