Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 340 триллион сўмга яқинлашди

Август 11, 2026. 09:30 • 3 дақ

212
Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми 340 триллион сўмга яқинлашди

ТОШКЕНТ, 11 август. /“Дунё” АА/. 2026 йилнинг январь–июнь ойида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан Ўзбекистонда асосий капиталга 338,9 триллион сўм инвестиция ўзлаштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2025 йилнинг шу даврига нисбатан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг 17,5 фоизга ошгани инвестиция базаси кенгайиб бораётганидан ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётганидан далолат беради.

Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми бўйича қайта ишлаш саноати етакчилик қилди – 100,5 триллион сўм. Асосий капиталга йўналтирилган жами инвестицияларнинг қарийб 30 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келди.

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига – 32,9 триллион сўм, қурилишга – 32,5 триллион сўм, электр таъминоти, газ, буғ узатиш ва ҳавони кондициялашга – 29,9 триллион сўм миқдорида катта ҳажмдаги маблағлар йўналтирилди.

Уй-жой қурилишига – 27,3 триллион сўм, тоғ-кон саноатига – 21,8 триллион сўм, транспорт ва сақлашга – 16,3 триллион сўм сармоя киритилди.

Шунингдек, улгуржи ва чакана савдо, автомобиль ва мотоциклларни таъмирлашга – 13,7 триллион сўм, сув таъминоти, канализация, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилишга – 7,4 триллион сўм, таълим соҳасига – 7,2 триллион сўм миқдорида салмоқли инвестициялар киритилди.

Ахборот ва алоқа соҳасига – 5,8 триллион сўм, яшаш ва овқатланиш хизматларига – 5,6 триллион сўм, касбий, илмий ва техник фаолиятга – 4,6 триллион сўм йўналтирилди. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасига ҳам худди шунча маблағ сарфланди.

Молиявий ва суғурта фаолиятига киритилган инвестициялар ҳажми 2,4 триллион сўмни, санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳасига эса 2 триллион сўмни ташкил этди. Бошқа иқтисодий фаолият турларига 24,4 триллион сўм тўғри келди.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги инвестиция оқими саноат, энергетика ва қазиб олиш секторидан тортиб қурилиш, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва рақамли иқтисодиётгача бўлган кенг кўламли тармоқларни қамраб олмоқда.

Экспертлар хулосасига кўра, инвестициялар таркиби саноат ишлаб чиқариши Ўзбекистонда капитал қўйилмаларининг асосий йўналиши бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, инвестицион фаоллик инфратузилма, энергетика, уй-жой қурилиши ва ижтимоий аҳамиятга эга тармоқларни тобора кенгроқ қамраб олмоқда.

Инвестициялар умумий ҳажмининг 17,5 фоизга ўсиши ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш, инфратузилмани ривожлантириш ва мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун замин яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш