Сеулда ўзбек миллий кураши бўйича халқаро турнир ўтказилди
Сентябрь 05, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 82СЕУЛ, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Сеулда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб миллий кураш бўйича Ўзбекистон элчиси кубоги турнири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мусобақа илк бор халқаро форматда ўтказилиб, унда Ўзбекистон, Жанубий Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон спортчилари қатнашди.
Турнирда Жанубий Кореянинг турли ҳудудларидан 200 нафарга яқин полвон иштирок этди. Мамлакатда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳам беллашувларда фаол қатнашди.
Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси миллий кураш асрлар давомида ўзбек халқининг маънавий меросида алоҳида ўрин эгаллаб келганини таъкидлади. Бугунги кунда ушбу спорт тури 130 дан ортиқ мамлакатда кенг ёйилиб, халқаро спорт майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
Корея кураш федерацияси президенти Бе Хёнг Шик элчи кубоги нафақат спорт тадбири, балки Ўзбекистон маданияти ва қадриятларини тарғиб этиш воситаси ҳам эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, кураш шунчаки мусобақа эмас, айни пайтда тинчлик, интизом, одоб-ахлоқ ва ўзаро ҳурмат мактабидир.
Тадбир давомида Ўзбекистон элчихонаси ва Корея кураш федерацияси келгусидаги ҳамкорлик юзасидан келишиб олди. Хусусан, томонлар Жанубий Кореяда ўзбек курашини оммалаштиришни кенгайтириш, миллий турнирлар, чемпионатлар ва элчи кубогини мунтазам ўтказиб бориш, секциялар сонини кўпайтириш ҳамда мураббийлар малакасини ошириш ниятида эканини билдирди.
Жанубий Кореянинг “Djournal” нашри ушбу турнир спорт, маданият ва туризм соҳаси вакиллари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотганини ёзди. Мақолада ёзилишича, элчи кубогининг ўтказилиши Ўзбекистон маданий меросини тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спорт воситасида халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Беллашув ўзбек миллий таомлари ва анъанавий рақслари намойиши билан якунланди. Бу эса иштирокчилар ва меҳмонларга Ўзбекистон маданияти ҳамда урф-одатлари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





