Сурхондарёда бир қатор корхоналар ишга туширилиб, янгиларининг қурилиши бошланди
Февраль 26, 2026. 17:15 • 2 дақ
• 76
ТОШКЕНТ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Сурхондарё вилоятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда вилоятда тадбиркорлик жадал ривожланиб, инвесторларнинг ҳудудга қизиқиши тобора ортмоқда.
Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 63,7 триллион сўмга етди. Йирик саноат корхоналари қарийб 30 тага, кичик корхоналар 4 минг 820 тага етказилиб, 18,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. 2,1 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Дунёнинг 37 давлатига 483 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.
Давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинган лойиҳалар вилоят иқтисодиётининг турли тармоқларини қамраб олган. Уй-жой қурилиши, тоғ-кон саноати ва геология, енгил саноат, озиқ-овқат, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, таълим, хизмат кўрсатиш ҳамда туризм соҳаларида янги қувватларни ишга тушириш назарда тутилган.
Умумий қиймати қарийб 1,6 миллиард доллар бўлган лойиҳалар Россия, Хитой, Туркия, Покистон, Япония, Германия, Ҳиндистон, Мўғулистон билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари инвесторлар билан суҳбатлашди.
Шундан сўнг жамоатчилик вакиллари иштирокида Сурхондарё вилоятида умумий қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган 44 та лойиҳани ишга тушириш ва бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, тоғ-кон саноати, геология, енгил саноат, мебелсозлик, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди.
Жумладан, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва маҳаллий инвесторлар иштирокида 741 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилди.
Шунингдек, Австрия, Германия, Нидерландия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия ва Афғонистон давлатлари билан ҳамкорликда 6 миллиард 300 миллион долларлик 31 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланди.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига 18 мингта янги иш ўрни яратиш, 82 триллион сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бунинг натижасида 1 миллиард 400 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
