Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Иордания Подшоҳи Абдулла II нинг китоби тақдимоти бўлиб ўтди
Ноябрь 13, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 203ТОШКЕНТ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) Иордания Подшоҳи Абдулла II қаламига мансуб “Сўнгги энг яхши имкониятимиз: таҳлика даврида тинчликка интилиш” (“Our Last Best Chance: The Pursuit of Peace in a Time of Peril”) китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, Иордания элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддад, шунингдек, Олий Мажлис, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва ОАВ вакиллари, университет профессор ва ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.
Мазкур тадбир Иордания Подшоҳининг асарида ёритилган халқаро муносабатлар, дипломатия, минтақавий хавфсизлик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш истиқболларига оид долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Китоб автобиографик асар бўлиб, унда муаллиф ўз ҳаётий тажрибаси, халқаро сиёсат ҳақидаги мулоҳазалари ҳамда замонавий дунёнинг асосий муаммоларига доир қарашлари билан ўртоқлашган. Асардан Исроил–Фаластин можароси, араб давлатлари ўртасидаги муносабатлар, минтақавий барқарорлик, терроризмга қарши курашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин эгаллаган.
Асар Иорданиянинг ташқи сиёсий устувор йўналишлари ҳамда Яқин Шарқда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ролини чуқурроқ англаш имконини беради.
Асосий маърузачи сифатида Иордания элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддад, ЖИДУ Халқаро муносабатлар кафедраси доценти Анвар Абдуҳалимов сўзга чиқиб, асарнинг асосий ғоялари, муаллифнинг долзарб халқаро сиёсий жараёнлар, минтақавий хавфсизлик ҳамда низоларни ҳал этишда дипломатиянинг ўрни ҳақидаги қарашларини тақдим этди.
Мазкур тадбир академик ва экспертлар ўртасидаги мулоқотни янада кенгайтириш, Яқин Шарқдаги сиёсий жараёнларни чуқурроқ англаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамда интеллектуал алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





