Тошкентда етакчи инглиз юридик фирмалари иштирокида форум ўтказилади

Сентябрь 23, 2026. 11:30 • 2 дақ

111
Тошкентда етакчи инглиз юридик фирмалари иштирокида форум ўтказилади

ЛОНДОН, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида “Lawlex Solicitors” юридик компанияси вакили Руслан Угрелидзе билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2020 йилда Лондонда ташкил этилган “Lawlex Solicitors” Англия ва Уэльс ҳудудларида кенг кўламли юридик хизматлар кўрсатади. Компания фаолиятининг асосий йўналишларини фуқаролик ва тижорат суд ишлари, низоларни ҳал этиш, халқаро арбитраж, меҳнат, иммиграция, оила ҳуқуқи, юридик амалиётнинг бошқа соҳалари ташкил этади.

Учрашувда жорий йил 29 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ва “Lawlex Solicitors” ҳамкорлигида ўтказилиши режалаштирилган Инглиз ҳуқуқи форумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Форумнинг асосий мақсади инглиз ҳуқуқининг ўзига хос хусусиятлари ва асосий тамойилларини тақдим этиш, Ўзбекистон ва Буюк Британия юристлари ўртасида тажриба алмашиш, ҳуқуқ ва халқаро юридик амалиёт соҳаларида истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишдан иборат бўлади.

Тадбир доирасида Ўзбекистонга “Quadrant Chambers”, “Goldsmith Chambers”, “Thomas More Chambers”, “Outer Temple Chambers” каби етакчи Британия юридик фирмалари ва адвокатлик палаталарининг вакилларидан иборат делегация ташриф буюриши кутилмоқда.

Делегация таркибидан халқаро низоларни ҳал этиш, халқаро арбитраж, суд ишлари ва юридик амалиётнинг турдош йўналишларида катта профессионал тажрибага эга барристерлар, солиситорлар ҳамда юридик ҳамжамиятнинг бошқа вакиллари ўрин олади.

Форум икки мамлакат юридик ҳамжамиятлари вакилларига ҳуқуқни қўллаш амалиёти, халқаро ҳамкорлик ва юридик инфратузилмани ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, профессионал тажриба ва амалий ёндашувлар алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Учрашув якунида “Lawlex Solicitors” билан ҳамкорликни изчил давом эттириш, жумладан, Лондонда қўшма тадбирларни ташкил этиш мақсадида мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш