Ўзбекистоннинг «Марказий Осиё+» форматидаги фаол иштироки Қатар тадқиқотчиларида қизиқиш уйғотмоқда
Сентябрь 18, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 103
ДОҲА, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Доҳа шаҳрида Глобал стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев иштирокида “Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати: “Марказий Осиё+” формати ва Қатар билан стратегик муносабатлар” мавзусида маъруза бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Қатарнинг илмий ва таълим доиралари, дипломатик корпус, таҳлил марказлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Учрашув марказида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари, Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон-Қатар стратегик шериклик истиқболлари турди.
Маъруза давомида Марказий Осиё Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, қўшни давлатлар билан ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши минтақавий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2025 йилда 12,3 миллиард долларга етди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг “Марказий Осиё+” форматларидаги иштироки ҳамда Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва Форс кўрфази давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувнинг салмоқли қисми Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатларга бағишланди. Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий мулоқоти, 2023–2025 йиллардаги олий даражадаги ташрифлар, Стратегик шериклик тўғрисидаги битим ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиққани қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати, “Марказий Осиё+” форматидаги ташаббуслари, Афғонистон бўйича ёндашуви ва Қатар билан стратегик ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси