Марказий Осиё Малайзия учун янги иқтисодий имкониятлар маконига айланмоқда
Сентябрь 19, 2026. 10:35 • 2 дақ
• 197КУАЛА-ЛУМПУР, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Куала-Лумпур шаҳрида таҳлил марказлари, дипломатик миссиялар ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида Марказий Осиё ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Малайзиядаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти раиси Моҳд Фаиз Абдуллоҳ модераторлигида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев, Марказий Осиё мамлакатларининг Куала-Лумпурдаги элчихоналари раҳбарлари, академик ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институтининг геоиқтисодий қайта қуриш шароитида Марказий Осиё ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари ҳақидаги таҳлилий материали тақдим этилди.
Иштирокчилар мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот ривожланиб бораётгани, шунингдек, маданий-гуманитар, туризм ва таълим соҳаларида ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади. Иқтисодий ҳамкорлик, савдо ва инвестицияларни кенгайтиришда одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрни алоҳида қайд этилди.
Хорижий экспертлар минтақанинг иқтисодий ўсиши ва янги имкониятларини ҳисобга олган ҳолда Малайзиянинг Марказий Осиё билан ҳамкорлик ёндашувларини фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг қўшимча йўналишларини излашни таклиф қилди.
СМТИ директори ўринбосари Бахтиёр Мустафоев ва Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши ва у халқаро, жумладан, малайзиялик инвесторлар учун тақдим этаётган янги имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар Марказий Осиё ва Малайзия таҳлилий марказлари ўртасида мунтазам мулоқот ва экспертлар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва таҳлилий лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

