Токиода Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

Июль 25, 2026. 13:30 • 2 дақ

84
Токиода Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

ТОКИО, 25 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан жадидлар ҳаракати намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллик юбилейи муносабати билан тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбир Токио хорижий тиллар университети, “Mitsubishi” жамоат фонди ҳамда етакчи жадидшунос олим, профессор Хисао Комацу кўмагида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Япония ва Туркиядан келган етакчи олимлар иштирок этди.

Учрашувда олимлар Марказий Осиё давлатларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жадидлар меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилди.

Иштирокчилар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек халқининг буюк маърифатпарвари, жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, ёзувчи, драматург, публицист ва жамоат арбобидир. У ўз ҳаётини халқни илм-маърифатли қилиш, таълим тизимини ислоҳ этиш ва миллий тараққиёт ғояларини тарғиб қилишга бағишлаган.

Беҳбудий 1875 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. У ёшлигидан диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштириб, араб, форс ва турк тилларини мукаммал ўрганган. Кейинчалик жадидчилик ғояларини қўллаб-қувватлаб, янги усулдаги мактабларни ташкил этиш, замонавий таълимни йўлга қўйиш ва ёш авлоднинг билимли бўлиб вояга етишига катта ҳисса қўшган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ижод соҳасида ҳам салмоқли мерос қолдирган. Унинг “Падаркуш” драмаси ўзбек адабиётидаги илк драматик асарлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, у газета ва журналларда халқнинг маърифати, илм-фан, миллий тараққиёт ва озодлик ғояларига бағишланган кўплаб мақолалар ёзган. Бундан ташқари, саёҳатномалар, дарсликлар ва публицистик асарлар яратиб, халқни замонавий билимларни эгаллашга даъват этган.

Тадбир доирасида махсус китоблар кўргазмаси ҳамда “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильми намойиш этилди. Дипломатлар япониялик ижодкорларга ўзбек жадидчилик ҳаракатига бағишланган 20 дан ортиқ фильмлар тўпламини тақдим этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш