Дональд Трамп АҚШнинг 60 та савдо ҳамкорига нисбатан янги импорт божларини жорий қилди

Июль 25, 2026. 13:00 • 3 дақ

80
Дональд Трамп АҚШнинг 60 та савдо ҳамкорига нисбатан янги импорт божларини жорий қилди

ВАШИНГТОН, 25 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ 25 июлдан бошлаб 60 та давлат ва иқтисодий ҳудуддан импорт қилинадиган товарларга 10 ва 12,5 фоизлик янги бож тарифларини жорий қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Вашингтон мазкур чораларни таъминот занжирларида мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши кураш бўйича ҳамкор давлатлар саъй-ҳаракатларини етарли эмас, деб баҳолаётгани билан изоҳламоқда.

Янги тарифлар муддати тугаган вақтинчалик 10 фоизлик импорт божлари ўрнини эгаллади. Шунингдек, улар АҚШ Олий суди аввал жорий этилган айрим жавоб тарифларни бекор қилганидан кейин Дональд Трамп маъмуриятининг савдо сиёсати доирасидаги илк йирик ташаббуси бўлди.

Бож тарифлари 1974 йилги АҚШ Савдо тўғрисидаги қонунининг 301-моддаси асосида жорий этилди. АҚШ Савдо вакили бошқармаси (USTR) маълумотларига кўра, улар мамлакат импортининг тахминан 99,4 фоизини қамраб олади, бироқ барча турдаги товарларга татбиқ этилмайди.

Хусусан, нефть ва газ, ўғитлар, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, стратегик аҳамиятга эга минераллар, самолётлар ва уларнинг бутловчи қисмлари, шунингдек, аввалдан бошқа асослар бўйича божлар қўлланилаётган автомобиллар, пўлат, алюминий ва бошқа маҳсулотлар янги тарифлар доирасига киритилмаган.

10 фоизлик тариф Канада, Буюк Британия, Ҳиндистон, Мексика, Малайзия, Покистон, Индонезия, Бангладеш ва яна бир қатор давлатлар маҳсулотларига нисбатан қўлланилади. 12,5 фоизлик бож эса Хитой, Россия, Вьетнам ҳамда яна 35 та давлат учун белгиланди. Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея, Швейцария ва Тайвань учун эса амалдаги божлар ҳисобга олинганда умумий тариф юки 10–12,5 фоизни ташкил этади.

Марказий Осиё давлатлари орасида янги рўйхатга фақат Қозоғистон киритилган бўлиб, ушбу мамлакат маҳсулотларига нисбатан 12,5 фоизлик импорт божи жорий этилди. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мазкур рўйхатдан ўрин олмагани боис, уларнинг АҚШга экспортига нисбатан янги чекловлар татбиқ этилмайди.

Вашингтоннинг баёнот беришича, янги чоралар мажбурий меҳнат ёрдамида ишлаб чиқарилган товарлар импортига қарши курашга қаратилган.

“Қўшма Штатлар қарийб бир асрдан буён бундай импортни тақиқлаб келади ва бунга амал қилади. Савдо шерикларимиз ҳам шундай йўл тутишининг вақти келди”, – дея АҚШ савдо вакили Жеймсон Грирнинг сўзларидан иқтибос келтирган “Reuters” агентлиги.

Дональд Трамп маъмуриятининг мазкур қарори халқаро майдонда танқидларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, Хитой бир томонлама тарифлар жорий этилишига қарши чиққан бўлса, Австралия, Бразилия ва Норвегия ушбу чораларни асоссиз деб баҳоламоқда. Европа Иттифоқи эса Вашингтон аввал келишилган бож ставкалари бўйича белгиланган юқори чегараларни сақлаб қолганини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш