АҚШдаги ватандошлар учун янги рақамли платформа ишга туширилди
Июль 25, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 89
НЬЮ-ЙОРК, 25 июль. /“Дунё” АА/. АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар учун мулоқот ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида “Mahallify” мобил иловаси ишга туширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ватандошлар томонидан яратилган мазкур платформа ўзбек жамоаси доирасида ҳамкорликни ривожлантириш, иш ва турар жой топишни енгиллаштириш, ахборот алмашиш, эълонлар жойлаштириш, бўлажак тадбирлар ҳақида хабардор қилиш ҳамда диаспора вакиллари ўртасидаги мулоқот имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Илова интерфейси ўзбек, рус ва инглиз тилларини ўз ичига олган етти тилда фойдаланиш имкониятини тақдим этади.
“Mahallify” асосан АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ўзбек диаспораси вакилларига учун мўлжалланган бўлиб, уни “App Store” ва “Google Play” орқали юклаб олиш мумкин.
Лойиҳани янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида платформа асосчилари Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар жараёнида илова имкониятларидан фойдаланиш орқали ўзбек диаспораси билан алоқаларни мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга қўшма ташаббусларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси