Туркман миллий жаҳон тиллари институтида Ўзбек тили байрами кенг нишонланди

Ноябрь 12, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 25
Туркман миллий жаҳон тиллари институтида Ўзбек тили байрами кенг нишонланди
Туркман миллий жаҳон тиллари институтида Ўзбек тили байрами кенг нишонланди
Туркман миллий жаҳон тиллари институтида Ўзбек тили байрами кенг нишонланди

АШХОБОД, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Довлетмаммет Азади номидаги Туркман миллий жаҳон тиллари институтида Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тантанали маросимда 300 га яқин меҳмон, хусусан, Ашхобод шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, ватандошлар, зиёлилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган мулоқоти ва қатъий сиёсий иродаси туфайли икки томонлама муносабатлар барча соҳаларда, жумладан, маданий-гуманитар ва таълим йўналишларида юқори босқичга кўтарилганини эътироф этди. Мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар йилдан-йилга янги мазмун билан бойиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Маданиятлараро мулоқот ва тилларни чуқур ўрганиш халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи энг муҳим кўприк экани таъкидланди.

Юқори савияда ва кўтаринки руҳда ташкил этилган тадбирнинг илмий-маърифий қисмидаги ўзбек тили тарихи, бойлиги ва бугунги кундаги аҳамиятига бағишланган мазмунли тақдимот йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек ўқинг

Байрам тадбири “Туркман-ўзбек дўстлиги – она тилларининг давомийлиги” деб номланган кенг қамровли адабий-мусиқий композиция ҳамда анъанавий “Лазги” рақси, жозибали ўзбекча попурри ва “Туркман-ўзбек куйлари” мусиқий композициясини ўз ичига олган ёрқин концерт дастури билан давом этди.

Байрам сўнгида “Туркманистон ва Ўзбекистон: тарихий илдизлар, умумий келажак” эсселар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди ва уларга эсдалик совғалари топширилди. Ўзаро маданий-гуманитар ҳамкорлик ва илиқ муносабатларнинг рамзи ўлароқ, университет кутубхонасига ўзбек адабиётининг бебаҳо дурдонаси – Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи совға қилинди.

Тадбир икки халқнинг азалий дўстлигини ифодаловчи “Туркман-ўзбек қўшиғи янграсин” қўшиғининг ижроси билан якунланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш