Ханнан университетида Ўзбекистон ва Япония ўртасида туризм ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган "Discover Uzbekistan" семинари бўлиб ўтди

Ноябрь 04, 2026. 21:00 • 3 дақ

• 5
Ханнан университетида Ўзбекистон ва Япония ўртасида туризм ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига бағишланган "Discover Uzbekistan" семинари бўлиб ўтди

ТОКИО, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Ханнан университетида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган “Discover Uzbekistan” семинари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир мамлакатимизнинг Токиодаги элчихонаси, Япониядаги Ўзбекистон туризм ва маданият ассоциацияси ҳамда Ханнан университети ҳамкорлигида  ташкил этилди. Унда япон сайёҳлик компаниялари (“Nankai Travel International”, “Kuoni Tumlare” ва “Kaze Travel” вакиллари), университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаблар ва маҳаллий аҳолидан иборат 80 га яқин киши иштирок этди.

Семинарнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, туристик йўналишлари ва замонавий имкониятларини Япония бозорида кенг тарғиб қилиш, шунингдек, япон саёҳатчиларининг юртимизга бўлган қизиқишини янада оширишдан иборат бўлди.

Элчихона вакиллари туристик тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инфратузилмани ривожлантириш ва хорижий меҳмонлар учун қулай шароитлар яратиш борасидаги ишлар ҳақида сўзлаб бердилар. Тақдимот давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа тарихий шаҳарларнинг диққатга сазовор жойлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган обидалар, ҳудудларнинг туристик имкониятлари, миллий ошхонамиз ва урф-одатларимиз таништирилди.

Япон сайёҳларининг Ўзбекистонга қизиқиши йил сайин ошиб бормоқда. Жумладан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 36 мингдан ортиқ Япония фуқароси сайёҳлик мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрди — бу кўрсаткич 2025 йилдаги умумий натижадан ҳам юқоридир.

Шунингдек ўқинг

Япониядаги Ўзбекистон туризм ва маданият ассоциацияси вакили Аканэ Масаока япон сайёҳлари учун юртимизнинг жозибали жиҳатлари ва саёҳатларни ташкил этиш имкониятлари ҳақида гапириб берди. Ханнан университети доценти Сейги Сибата илмий-таълим алоқаларини кенгайтириш, талабалар алмашинуви ва маданиятлараро мулоқот истиқболларини қайд этди. Шунингдек, илгари таълим саёҳатлари билан Ўзбекистонда бўлган талабалар ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Дастур доирасида мамлакатимизнинг туристик йўналишларига бағишланган видеороликлар намойиш этилди, савол-жавоблар ва викториналар ўтказилди. Иштирокчиларга япон тилидаги туристик хариталар ва буклетлар тарқатилиб, ўзбек миллий ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилди.

Тадбирда таълим соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Университет президенти Хироси Хираяма, вице-президент Маюми Нисимото ва халқаро тадқиқотлар факультети декани Юдзи Иноуэ билан учрашувда Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ханнан университети делегациясининг 2027 йил апрель–май ойларида Наманган давлат университетига танишув ташрифини ташкил этиш ва олий ўқув юртлари ўртасида англашув меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашинув, онлайн-маърузалар ва қўшма семинарлар ўтказиш, туристик соҳа учун мутахассислар тайёрлашда япон тажрибасини ўрганиш истиқболлари белгилаб олинди. Ханнан университетида Ўзбекистонга бағишланган тақдимотлар ва маданий тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб бориш ҳам кўзда тутилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш