Ўзбекистон ва Туркманистон ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилди
Ноябрь 04, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 48
АШХОБОД, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Алимов Махтумкули номидаги Туркманистон Ёшлар ташкилоти Марказий кенгаши раиси Язполат Кериев билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарларининг изчил сиёсати туфайли Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ҳамда стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, янги амалий мазмун билан бойиб бораётгани қайд этилди.
Язполат Кериев ташкилот фаолияти ҳамда Туркманистонда давлат ёшлар сиёсатини амалга ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, маданий-маърифий, спорт ва илмий-амалий тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ташкилот раҳбари Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этиб, туркман ёшларининг қўшни мамлакатда ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этаётганини юқори баҳолади. У, жумладан, 2026 йил август ойида Хива шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон ёшлар форумини икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаган муҳим воқеа сифатида тилга олди.
Учрашувда икки мамлакат ёшлари ўртасида тажриба ва ахборот алмашиш, қўшма форумлар, фестиваллар ҳамда спорт мусобақаларини ташкил этиш, шунингдек, волонтёрлик ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ёшлар йўналишидаги алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг тегишли ташкилотлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси