Ўзбекистонда модулли маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда
Сентябрь 18, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 43
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 18 сентябрь. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ва Германиянинг “The Vault Partners” компанияси вакиллари рақамли инфратузилма ҳамда дата-марказлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича видеоконференция ўтказдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси томонидан ташкил этилган онлайн-учрашувда “The Vault Partners” мутахассислари компания фаолияти, дата-марказлар, рақамли инфратузилма ва юқори унумдорликдаги ҳисоблаш тизимлари соҳасидаги тажрибаси ҳамда амалга оширилган лойиҳалари ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон бозорига кириш бўйича ўз қарашларини тақдим этдилар.
Томонлар Ўзбекистонда ҳисоблаш қувватларига бўлган ортиб бораётган талабни таъминлаш, шу жумладан сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга хизмат қиладиган замонавий дата-марказлар инфратузилмасини яратиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Компания маълумотига кўра, “The Vault Partners” Ўзбекистонда ҳар бирининг мўлжалланган қуввати 10 дан 50 МВт гача бўлган кичик модулли дата-марказларни барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бундай ёндашув мавжуд энергетика ресурслари ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда рақамли инфратузилмани босқичма-босқич ривожлантириш имконини беради.
Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари Ўзбекистоннинг дата-марказларни қуриш ва ривожлантириш соҳасидаги инвестициявий имкониятлари, шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тақдим этдилар.
Қорақалпоғистон Республикасининг имкониятларига, жумладан ҳудуднинг мавжуд энергетика ва инфратузилма ресурслари ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Вазирлик вакиллари, шунингдек, потенциал инвесторни дата-марказлар ва булутли хизматлар соҳасидаги лойиҳалар учун назарда тутилган солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, инвесторлар учун яратилган махсус шароитлар билан таништирдилар.
Хусусан, қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган йирик лойиҳалар, жумладан дата-марказлар ва булутли хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни рағбатлантириш чоралари — ер участкаларини тезлаштирилган тартибда ажратиш, ташқи инфратузилмага улаш ва бошқа қўллаб-қувватлаш механизмлари тақдим этилди.
Учрашув якунида “The Vault Partners” вакиллари Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятини ҳамда мамлакат бозорига чиқиш имкониятларини янада чуқурроқ ўрганишдан манфаатдор эканини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси