Ўзбекистонда Янги Тошкент ва Самарқанддаги “Ширин” массивида меҳмонхона ва туристик лойиҳалар учун янги имтиёзлар жорий этилди
Ноябрь 17, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 34
ТОШКЕНТ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг “Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мультипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фармонга кўра, Янги Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Ширин” массивида қиймати 50 миллион доллардан кам бўлмаган йирик лойиҳалар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Бу режим қўлланадиган лойиҳалар тоифалари орасида меҳмонхона мажмуалари, тематик кўнгилочар парклар, дам олиш масканлари ва интеграциялашган курорт зоналари ҳам бор. Савдо, туризм ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларида етакчи халқаро брендлар жалб қилиниши, бунинг учун ҳуқуқ эгалари билан дастлабки келишувга эришилган бўлиши шарт.
Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, ҳужжат халқаро меҳмонхона брендлари учун алоҳида шартни ҳам назарда тутади. Дунёдаги энг йирик 50 та меҳмонхона бренди ёки 5 та меҳмонхона тармоғи рейтингига кирувчи компаниялар лойиҳаси 50 миллион доллардан кам бўлса ҳам, махсус режим имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.
Махсус режим доирасидаги лойиҳаларга қатор енгилликлар берилади. Жумладан, мол-мулк ва ер солиғидан 20 йилга озод қилиш, объектларни ижарага бериш ёки сотишдан олинган даромадга 5, 10 ёки 15 йил давомида 1 фоизлик фойда солиғи ставкасини қўллаш, қурилиш учун олиб кириладиган жиҳоз ва материалларни божхона божларидан озод қилиш, ер участкаларини аукцион ёки танлов орқали 49 йилгача ижарага бериш шулар жумласидандир.
Фармонда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга оид алоҳида чоралар ҳам белгиланди. Махсус ҳудудларда туризм объектлари ташкил этилишини рағбатлантириш, меҳмонхоналар сонини кўпайтириш ва хизмат сифатини ошириш мақсадида Президентнинг ПҚ-238-сон қарори (2023 йил 27 июль) 2-бандида назарда тутилган имтиёз ва молиявий кўмаклар муддати узайтирилди. Унга кўра, янги меҳмонхона қурувчи инвесторларнинг харажатлари қуйидаги миқдорларда қоплаб берилади:
- 3 юлдузли тоифадаги хоналар сони 60 тадан кам бўлмаган меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 40 миллион сўм;
- 4 ва 5 юлдузли тоифадаги хоналар сони 120 тадан кам бўлмаган меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 65 миллион сўм.
Энди бу имтиёзлар махсус ҳудудлар учун инвестиция миқдоридан қатъи назар 2035 йил 1 январгача амал қилади.
Бундан ташқари, махсус ҳудудларда ресторан, спорт ва шаҳарсозлик объектлари бўйича хорижий брендларни жалб қилишдаги франшиза тўловларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси