Токиода Тошкент вилоятининг инвестициявий салоҳиятига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди
Ноябрь 17, 2026. 09:30 • 3 дақ
• 62ТОКИО, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятларига бағишланган бизнес-форум ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форумда Тошкент вилоятидан 30 нафар тадбиркор ҳамда Япониянинг 200 дан ортиқ компания ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Хусусан, Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги вазирлиги, Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги, Вакаяма ва Нагано префектуралари, “Mitsubishi Corporation”, “Toyota Tsusho Corporation”, “Sumitomo Corporation”, “Chiyoda Corporation”, “Yokogawa Electric”, “Meiji Seika Pharma” каби компаниялар қатнашди.
Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Япония Бош вазири Санаэ Такаичи ўртасидаги юксак ишончга асосланган мулоқот туфайли изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда вилоятнинг асосий капиталига қарийб 5,2 миллиард доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 6,3 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Экспорт ҳажмини 2,1 миллиард доллардан 2,8 миллиард долларгача ошириш кўзда тутилган. Вилоятда умумий қиймати 20 миллиард доллардан ортиқ бўлган 70 га яқин йирик инвестиция лойиҳаси шакллантирилди.
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Равшанбек Дусчановнинг маълум қилишича, 2025 йилда мамлакат иқтисодиётига 43 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция жалб этилган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса иқтисодий ўсиш 8,5 фоизни ташкил қилган.
Бугунги кунда юртимизда Япония сармояси иштирокидаги 140 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда, қўшма инвестиция лойиҳалари портфели эса 12 миллиард доллардан ошади.
Форум доирасида бизнес-матчинг ҳамда B2B ва B2G форматида 50 дан зиёд учрашув ўтказилди. Уларда машинасозлик, энергетика, экология, фармацевтика, агросаноат, рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамда Нурафшон шаҳрида “ақлли шаҳар” қуриш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш, янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш юзасидан келишувларга эришилди. 30 дан ортиқ йирик хорижий инвестор Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирди.
“Noritsuisu” компанияси президенти Шёго Аоки “Japan Town” концепцияси ҳақида тўхталиб, 100 гектарга яқин майдонда Япония сифат стандартларига тўла жавоб берадиган замонавий инфратузилма барпо этилиши режалаштирилаётганини таъкидлади.
“Regeta” компанияси ижрочи вице-президенти Кейдзабуро Хиёси ўзбекистонлик ҳамкорлар кўмагида Марказий Осиё ва Россия бозорларига чиқиш ниятида эканини маълум қилди.
“Aomori Nousan” компанияси ижрочи директори Тайсей Фудзитанинг сўзларига кўра, корхона Ўзбекистон хомашёсидан маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини синовдан муваффақиятли ўтказган ва келгусида АҚШ ҳамда Европа бозорларига чиқишни мўлжалламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



