Польшада Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эътироф қилинди

Сентябрь 19, 2026. 14:00 • 3 дақ

112
Польшада Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эътироф қилинди
Польшада Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эътироф қилинди
Польшада Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эътироф қилинди
Польшада Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эътироф қилинди
Польшада Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси эътироф қилинди

ВАРШАВА, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Польшада мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Конференция юртимизнинг Польшадаги элчихонаси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Тараққиёт стратегияси маркази, Варшава университети, “Amicus Europae” жамғармаси ҳамда “Perspektywy” таълим фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.

Варшава университетида ўтказилган тадбирда Польшанинг собиқ Президенти Александр Квасьневский, Сенати вице-маршали Михал Томаш Каминский, Ўзбекистон парламенти вакиллари, дипломатлар, олимлар ва экспертлар иштирок этди.

Учрашув давомида Янги Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликда амалга оширилган сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, уларнинг натижалари ҳамда мамлакат тараққиётининг устувор вазифалари муҳокама қилинди.

Хусусан, мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани, валюта конвертацияси чекловлари бекор қилингани, прописка тизими тугатилгани, парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари кенгайтирилгани қайд этилди.

Иштирокчилар 2023 йилги конституциявий ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб, янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолатларини сезиларли даражада кенгайтирганини қайд этди.

Конституциявий ислоҳот жараёнида фуқаролардан 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани ва Конституция матнининг 65 фоизи жамоатчилик таклифлари асосида янгилангани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Иқтисодий соҳада валюта, солиқ, божхона ва инвестиция ислоҳотлари натижалари муҳокама қилиниб, хорижий инвестициялар ҳажми йилига 40–50 миллиард долларга етгани қайд этилди. Ижтимоий соҳада эса камбағаллик даражаси 2017 йилдаги қарийб 35 фоиздан 4 фоизгача қисқаргани, мактабгача ва олий таълим қамрови сезиларли ошгани таъкидланди.

Меҳмонларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг поляк тилидаги нашри тақдим этилди. Стратегия инсон капитали, таълим, соғлом турмуш тарзи, иқтисодиётни технологик трансформация қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлаш каби устувор йўналишларни қамраб олади.

Польшанинг собиқ Президенти Александр Квасьневский Ўзбекистондаги кенг кўламли модернизация жараёнлари мамлакатнинг халқаро очиқлиги ва рақобатбардошлигини ошираётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакат Сенати вице-маршали Михал Томаш Каминский эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги аҳамияти ва очиқ ташқи сиёсати икки мамлакат ўртасида сиёсий ҳамда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратаётганини эътироф этди.

Конференция Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги сиёсий, парламентлараро, академик ва экспертлик мулоқотини ривожлантириш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тажрибасини муҳокама қилиш ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш