“El País” газетаси: Самарқандда 3 мингдан ортиқ киши иштирокида энг йирик шахмат олимпиадаси бошланди
Сентябрь 19, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 28
МАДРИД, 19 сентябрь. /“Дунё” АА/. Самарқандда 204 та мамлакат ва ҳудуд вакиллари ҳамда 3 мингдан ортиқ иштирокчиларни жамлаган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Испаниянинг “El País” газетасига таяниб.
Очиқ турнирда 207 та жамоа, шу жумладан, Ўзбекистоннинг учта терма жамоаси ва ФИДЕ томонидан қўллаб-қувватланадиган қочқинлар жамоаси дона сурмоқда. Аёллар ўртасидаги турнирда эса 191 та жамоа иштирок этмоқда.
Иштирокчилар орасида турли ёш ва миллат вакиллари бўлиб, улар орасида 12 ёшли аргентиналик Фаустино Оро, Сент-Винсент ва Гренадинадан 10 ёшли Ведант Шетти, Шри-Ланкадан 11 ёшли Саюми Халангода ҳамда Филиппин шарафини ҳимоя қилаётган 74 ёшли Эухенио Торре бор.
Ўйинчилардан ташқари, Самарқандга ҳакамлар, журналистлар, блогерлар, делегатлар, бизнес вакиллари ва бошқа расмий шахслар ҳам йиғилган. Бир вақтнинг ўзида имконияти чекланган шахслар ўртасида учинчи шахмат олимпиадаси ҳам бўлиб ўтмоқда.
Очиқ турнирда медаллар учун асосий кураш АҚШ, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Хитой терма жамоалари ўртасида кечиши кутилмоқда. Аёллар ўртасидаги етакчи жамоалар қаторида Ҳиндистон, Грузия, Қозоғистон, Хитой, АҚШ ва Украина бор.
Алоҳида эътибор Ҳиндистондан бўлган 20 ёшли жаҳон чемпиони Доммараджу Гукешга қаратилган. Олимпиада у учун икки ойдан кейин ўзбекистонлик 20 ёшли шахматчи Жавоҳир Синдаровга қарши бўлиб ўтадиган ўйинга тайёргарлик босқичларидан бири бўлади.
Ташкилотчилар, шунингдек, кенг кўламли маданий дастур тайёрладилар. Очилиш маросимида таниқли санъаткорлар, иккита оркестр, рақс жамоалари чиқишлари, ёруғлик шоуси ва мушакбозлик намойиш этилди.
Олимпиада 27 сентябрга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси