Пекинда Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди
Июль 26, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 37ПЕКИН, 26 июль. /“Дунё” АА/. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибияти биносида “Ўзбекистоннинг динамик тараққиёти” мавзусида тақдимот ва кўргазма ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон элчихонаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ШҲТ Котибияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуманда ШҲТ раҳбарияти, ташкилот таркибига кирувчи мамлакатлар элчилари, Хитойнинг ишбилармон ва жамоатчилик-маданий доиралари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир қатнашчилари эътиборига янгиланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг кенг тақдимоти ҳамда мамлакатимизнинг бой тарихи, маданияти ва замонавий тараққиётини акс эттирувчи 100 дан ортиқ видео ва фотоасарлар ҳавола этилди.
Ташкилот бош котиби Нурлан Ермекбаев Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳбарлиги остида Ўзбекистонда жамият ва давлат ҳаётининг сифат жиҳатидан барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
— Бу йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил топганининг 25 йиллиги ҳам нишонланмоқда ва Ўзбекистон ташкилотни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда, — деди бош котиб. — ШҲТнинг 2022 йилдаги Самарқанд саммити Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг янги қиёфасини белгилаб берган муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон ШҲТдаги ҳамкорликнинг барча йўналишлари — сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларни мувозанатли ривожлантириш тарафдори бўлиб, транспорт йўлакларини ривожлантириш, рақамлаштириш ва тармоқлараро кооперацияга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий трансформацияси таркибий хусусиятга эга эканини қайд этди.
— Янги Ўзбекистон янада очиқ, рақобатбардош ва ўзаро боғлиқ иқтисодиётни барпо этмоқда. Ҳамкорлар учун Ўзбекистонни шунчаки ривожланаётган бозор сифатида эмас, балки стратегик шерик ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун минтақавий платформа сифатида кўриб чиқиш лозим, — деди у.
Тадбир меҳмонлари эътиборига, шунингдек, ҳунармандчилик каштачилик ва сопол буюмлари намуналари тақдим этилди. Меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





