Японияда Киёко Ивамотога Ўзбекистон “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони топширилди
Ноябрь 03, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 107ТОКИО, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонасида ушбу давлатнинг “Cultural Sending Promotion Committee” ташкилоти раҳбари Киёко Ивамотога Ўзбекистон “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур маданий тадбир Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, миллий санъатимиз ва бой маданий меросимизни халқаро ҳамжамият орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда Киёко Ивамотонинг икки мамлакат ўртасида маданият, санъат ва мусиқа соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Киёко Ивамото кўп йиллардан буён юртимизда ўтказиладиган халқаро бахшичилик ва лазги фестиваллари, мақом санъати анжуманида фаол иштирок этиб келмоқда.
Унинг Японияда “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказиш, турли маданий-маърифий учрашув ва кўргазмаларни ташкил этиш, ўзбек санъаткорлари ва мусиқачиларининг халқаро тадбирларда қатнашишини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Киёко Ивамото “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланганидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон томонидан кўрсатилган эътибор ва мукофот кутилмаган, шу билан бирга, жуда қувонарли воқеа бўлганини таъкидлади.
– Бундай юксак эътирофга сазовор бўлганимдан жуда бахтиёрман. Бу мен учун улкан шарафдир. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу маданий алмашинувларга ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида Ўзбекистонга турли китоблар, пианино, кимонолар ва миллий мусиқа асбобларини ҳадя қилганман. Ўз навбатида, Ўзбекистонга амалга оширган сафарларим давомида ўзбек халқининг юксак эътибори ва эътирофига сазовор бўлганман, – дейди Киёко Ивамото.
Маросимда яна бир муҳим масала – 2027 йилда Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича ҳам фикр алмашилди. Шу муносабат билан Японияда маданий тадбирлар, концертлар, кўргазмалар ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.
Киёко Ивамото ушбу мукофот унга катта масъулият юклашини билдириб, келгусида ҳам икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни ривожлантириш йўлида астойдил ҳаракат қилишини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


