Ўзбекистон ва Камчатка ўлкаси ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланди
Ноябрь 03, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 24ПЕТРОПАВЛОВСК-КАМЧАТСКИЙ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консули Ҳожиакбар Ваҳобов Россиянинг Камчатка ўлкасида ватандошлар, иш берувчилар ва ҳудуд маъмурияти вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Петропавловск-Камчатский шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашувда фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ўзбек тили ва маданиятини тарғиб қилиш ҳамда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида 2026–2027 йилларга мўлжалланган қўшма ишлар режаси тасдиқланди. Режадан юртдошлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳам ўрин олган. Ватандошлар дипломатлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Консуллик вакиллари “Шамса-Холдинг”, “Регион строй плюс”, “Русский двор” ва бошқа компанияларда меҳнат қилаётган ҳамюртлар ҳамда ушбу корхоналар раҳбарияти билан учрашди. Суҳбат давомида ватандошларимизнинг меҳнат қилиш, яшаш ва овқатланиш шароитлари, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши ўрганилди.
Иш берувчилар билан мавжуд бўш иш ўринлари ва мутахассисларга бўлган эҳтиёж муҳокама қилиниб, Ўзбекистон фуқароларини уюшган ҳолда ишга жалб этиш бўйича келишувга эришилди.
Дипломатлар ҳудуддаги “Плаза” озиқ-овқат бозорида бўлиб, у ерда Ўзбекистон маҳсулотлари (қуруқ ва ҳўл мевалар, полиз экинлари, тўқимачилик ҳамда электротехника маҳсулотлари) мавжудлиги ва уларга бўлган талабни ўрганди.
Делегация аъзолари Камчатка лососидан “Омега-3” озиқ-овқат қўшимчасини ишлаб чиқарувчи “Salmonica” компаниясининг “Тимлатский РКЗ” заводига ҳам ташриф буюрди. Ушбу маҳсулотни Ўзбекистонда сотишни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Камчатка ўлкаси ва Чукотка мухтор округи бўйича ваколатхонаси раҳбари Евгений Верешага билан учрашувда Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, консуллик хизматларини кўрсатиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Камчатка ўлкаси ҳукумати раиси Юлия Морозова билан учрашувда ҳудуд ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ташаббуси бўйича фикр алмашилди.
Томонлар 2027–2028 йилларга мўлжалланган савдо, иқтисодиёт, гуманитар, туризм ва миграция соҳаларидаги ҳамкорлик бўйича комплекс “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш мақсадида бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот алмашиш масалаларини кўриб чиқди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







