Нурота тоғларида бронза даврига оид манзилгоҳ ва қоятош суратлари топилди
Ноябрь 03, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 26
ЛОНДОН, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги Нурота тизмасидан қадимий қоятош суратлари ва бронза даврига оид манзилгоҳ қолдиқларини топилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Британиянинг “Heritage Daily” илмий онлайн-нашрига таяниб.
“Ўзбекистондаги Нурота тоғларида янги археологик кашфиётлар қилинди” сарлавҳали мақолада қайд этилишича, ушбу топилмалар 2026 йил октябрь ойида Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани тоғ ва тоғолди ҳудудларида ўтказилган қидирув-разведка ишлари чоғида аниқланган.
Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти тадқиқотчилари бир нечта қоятош ости панагоҳларининг деворлари ва шифтларида табиий охра ёрдамида чизилган расмларни топишди. Суратлар Эгрижарсой, Хўжасой (Бадимин), Ғалажинсой ва Сумбулсой ҳудудларидан топилган. Улар тахминан мезолит ва неолит даврларига оид бўлиши мумкин, бироқ уларнинг аниқ ёшини аниқлаш қўшимча илмий тадқиқотларни талаб этади.
Бундан ташқари, Панғат ҳудудидаги учта участкадан бронза даврига оид сопол парчалари топилди. Қўмоқли қишлоғидан тахминан 700–800 метр шарқда археологлар қидирув шурфини қазишди. Натижада қалинлиги 60 сантиметр бўлган, кўплаб сопол парчалари ва ҳайвон суяклари қолдиқларини ўз ичига олган бронза даври манзилгоҳи аниқланди.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, мазкур топилмалар Нурота тоғларининг қадимда ўзлаштирилиши ҳамда минтақадаги қадимги жамоалар ўртасидаги маданий алоқалар тараққиёти ҳақида қимматли маълумотлар бериши мумкин. Объектларни, хусусан, бронза даври манзилгоҳини батафсил ўрганиш учун кенг кўламли археологик қазишма ишларини олиб бориш тавсия этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси