ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг Тошкент модернистик меъморчилиги Жаҳон мероси рўйхатига киритиш ташаббусини қўллаб-қувватлади
Июль 20, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 248
ПАРИЖ, 20 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий ваколатхонаси вакиллари ташкилот Бош директорининг маданият бўйича ўринбосари Наиф Ал-Фаёз билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг маданият соҳасидаги қўшма ташаббусларининг амалга оширилиши ҳамда бу йўналишдаги келгуси вазифалар муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг “Тошкент модернистик меъморчилиги. Марказий Осиёда замонавийлик ва анъаналар” номли номинация ҳужжатига алоҳида эътибор қаратилди.
Наиф Ал-Фаёз Ўзбекистоннинг маданий меросини, хусусан, Тошкент модернистик меъморчилиги объектларини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди. Унинг фикрича, пойтахтнинг меъморий дурдоналарини халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши шаҳар нуфузини юксалтиришга ва янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президентининг ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда бўлиб ўтган 43-сессияси очилишида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш, жумладан, ташкилот Ижроия кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини тайёрлаш ҳамда ушбу мавзуда халқаро симпозиум ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
ЮНЕСКО вакили ушбу ташаббусларнинг долзарблигини таъкидлаб, Хивадаги симпозиум якунлари ташкилотга аъзо давлатлар учун амалий механизмлар ва тавсиялар ишлаб чиқишга ёрдам беришига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, Наиф Ал-Фаёз Ўзбекистоннинг 2027 йилда Бухоро шаҳрида ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар тармоғи йиллик анжуманини ўтказиш бўйича аризасини ижобий баҳолаб, тармоққа аъзо шаҳарлар уни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Учрашув якунида ЮНЕСКО Бош директори ўринбосари ташкилот 2026 йил апрель ойида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси