Туркиянинг етакчи ОАВ Ўзбекистоннинг туркий дунёда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини ёритди

Октябрь 27, 2026. 20:25 • 3 дақ

• 49
Туркиянинг етакчи ОАВ Ўзбекистоннинг туркий дунёда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини ёритди
Туркиянинг етакчи ОАВ Ўзбекистоннинг туркий дунёда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини ёритди
Туркиянинг етакчи ОАВ Ўзбекистоннинг туркий дунёда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини ёритди
Туркиянинг етакчи ОАВ Ўзбекистоннинг туркий дунёда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини ёритди

АНҚАРА, 27 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг “Hürriyet”, “Yeni Şafak”, “İttifak” ва “Milliyet” нашрларида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг Анқарадаги 13-саммити арафасида Ўзбекистоннинг ташкилот доирасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Туркия билан сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Hürriyet” нашрида Ўзбекистоннинг офиси Тошкентда жойлашган Туркий давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ва “Янги иқтисодий имкониятлар макони”ни шакллантириш бўйича таклифлари алоҳида эътироф этилди.

Мақолада Ўрта йўлакни ривожлантириш, қурилаётган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ҳамда келгусида бунёд этилиши режалаштирилган Трансафғон йўлаги билан боғлаш истиқболлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган.

“Yeni Şafak” ва “İttifak” нашрлари Ўзбекистон–Туркия саноат ҳамкорлигига эътибор қаратди. Материалларда жорий йилда Анқарада “EkoAvrosiyo” жамғармаси, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва “TÜRKSİT” уюшмаси томонидан “OSTİM” саноат ҳудуди иштирокида ташкил этилган “Ўзбекистон – инвестициялар ва ривожланиш салоҳияти” форуми ҳақида сўз юритилган.

Форумда тақдим этилган асосий лойиҳалардан бири Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Туркия махсус саноат зонасини барпо этиш бўлди. Унинг учун 100 гектар ер ажратиш, 300 миллион долларга яқин инвестиция жалб қилиш ва 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Нукус шаҳрида эса 160 гектар майдонда яна бир саноат зонасини ташкил этиш режалаштирилган.

Форумда келтирилган маълумотларга кўра, Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси ҳажми 8 миллиард доллардан ошган. Мамлакатимизда турк капитали иштирокидаги корхоналар сони эса 2200 тадан ортиқни ташкил этади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, туркиялик пудратчилар умумий қиймати 9,3 миллиард долларлик 325 та лойиҳани амалга оширишни ўз зиммасига олган. Икки давлат ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини аввал 5 миллиард долларга, кейинчалик эса 10 миллиард долларга етказиш ниятида.

“Milliyet” нашрида Ўзбекистоннинг “Рақамли туркий йўлак”ни яратиш, Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянс ҳамда Саноат альянсини шакллантириш бўйича ташаббусларига эътибор қаратилди.

Ташкил этилиши кўзда тутилган Саноат альянси машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтиришга хизмат қилади.

Нашрда “Яшил трансформация” консорциуми ва “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ҳам қайд этилган.

Туркия матбуотида Ўзбекистоннинг ТДТ доирасида ўзаро инвестицияларни кенгайтириш, транспорт алоқаларини ривожлантириш ва қўшма ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга қаратилган амалий ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш