“Petra” АА: Самарқанддаги “Боқий шаҳар” анъанавий меъморчилик ва халқ ҳунармандчилигини ўзида мужассам этган
Октябрь 26, 2026. 20:00 • 2 дақ
• 173
АММОН, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг “Petra” миллий ахборот агентлигида Самарқанднинг анъанавий меъморчилиги ва халқ ҳунармандчилигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Самарқанддаги “Боқий шаҳар” Буюк ипак йўлидаги тарихий шаҳарлар қиёфасини қайта гавдалантириб, ўзида меъморчилик, анъанавий ҳунармандчилик, миллий ошхона ва бадиий томошаларни бирлаштиради.
Ушбу ҳудуд “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида жойлашган бўлиб, 17 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда феруза гумбазлар, пештоқлардаги кошинкор безаклар, равоқлар ва миноралар алоҳида кўзга ташланади.
Агентликда қайд этилишича, шаҳарчада 50 дан ортиқ устахона фаолият юритади. Уларда ёғоч ўймакорлиги, сопол буюмларни безаш, кулолчилик маҳсулотлари, қоғоз, заргарлик буюмлари ва гиламлар тайёрлаш, каштачилик ҳамда миллий либослар тикиш намойиш этилган. Ресторан ва қаҳвахоналарда турли ҳудудларнинг анъанавий таомлари, палов, сомса, Самарқанд нони ва ширинликлар тортиқ этилади.
Материалда таъкидланишича, таниқли рассом Бобур Исмоилов ғояси асосида бунёд этилган ушбу лойиҳа қадимий Самарқанднинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган асл обидалари — Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси ва бошқаларни уйғун тарзда тўлдиради.
“Боқий шаҳар” тарих, ҳунармандчилик, санъат ва ўзбек меҳмондўстлигининг кўп асрлик анъаналарини ягона маконда бирлаштирган замонавий маданий маскан вазифасини ўтайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси