Россиянинг Приморье ўлкаси ҳамда Зарафшон ва Бекободдаги таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашиш йўлга қўйилади
Октябрь 09, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 144
ВЛАДИВОСТОК, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси дипломатлари Россиянинг Приморье ўлкаси касб-ҳунар таълими ва бандлик вазири ўринбосари Лариса Хасбутдинова билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар маҳаллий коллеж ва лицейларда таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Бош консулликка бириктирилган ватандош ёшлар учун таълим грантлари ажратиш масалаларини кўриб чиқди.
Лариса Хасбутдинова Зарафшон шаҳри ва Бекобод туманидаги техникумлар ҳамда Приморье ўлкаси профессионал таълим муассасалари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, таълим соҳасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш имконияти муҳокама қилинди.
Россия томони Зарафшон ва Бекободдаги техникумлар раҳбариятини тажриба алмашиш ҳамда маҳаллий таълим муассасалари фаолияти билан танишиш учун Приморье ўлкасига таклиф этиш режалари ҳақида маълум қилди.
Минтақавий даражада Бош консулликка бириктирилган ёшлар учун грантлар ажратиш ҳозирча кўзда тутилмагани қайд этилди. Таълим грантлари фақат федерал даражада ажратилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси