Ўзбекистонда профессионал таълимни халқаро стандартларга мослаштиришда Британия тажрибасидан фойдаланилади
Октябрь 09, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 224
ЛОНДОН, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британиянинг “Pearson” таълим ташкилоти вице-президенти Жейн Бейкер билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида Жейн Бейкер Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим сифатини ошириш, замонавий таълим стандартларини жорий этиш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган имкониятларни юқори баҳолади.
Томонлар “Pearson”нинг илғор таълим дастурлари ва замонавий таълим технологияларини Ўзбекистонда кенг жорий этиш, таълим муассасаларининг ўқув-методик базасини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш ҳамда профессионал таълим тизимида халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур дастурларнинг амалиётга татбиқ этилиши ёшларга халқаро талаб ва стандартларга мос билим ва кўникмаларни эгаллаш, замонавий касбий компетенцияларни шакллантириш ҳамда келгусида муносиб меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш учун қўшимча имкониятлар яратаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда юртимизнинг 45 та техникумида “Pearson”нинг халқаро таълим дастурлари муваффақиятли жорий этилган. Ушбу дастурлар доирасида битирувчиларга бериладиган сертификатлар 70 дан зиёд мамлакатда тан олиниши уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, таълим дастурларини такомиллаштириш ва илғор халқаро тажрибани Ўзбекистоннинг профессионал таълим тизимига кенг жорий этиш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси