Будапештдан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Евроосиёдаги мавқеини оширмоқда
Октябрь 31, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 94
БУДАПЕШТ, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Иштван Сечени университети Минтақавий тадқиқотлар ва бизнес бошқаруви докторлик мактаби директори, профессор Ласло Ваша “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 13-саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага ташрифининг асосий мақсади шаклланган сиёсий муносабатлар ва умумий маданий ўзликни иқтисодий, инфратузилмавий ҳамда инвестициявий натижаларга айлантиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва туркий дунёни ўзаро боғланган янада яхлит иқтисодий-сиёсий маконга айлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон илгари сураётган ташаббусларнинг аҳамияти мамлакат манфаатлари доирасидан анча кенгдир. Улар ТДТнинг асосан сиёсий ва маданий ҳамкорлик платформасидан амалий фаолият юритувчи минтақавий ташкилотга босқичма-босқич айланишига хизмат қилмоқда.
Иқтисодий шериклик имкониятлари фақат савдо ҳажмини оширишда эмас, балки қўшма ишлаб чиқариш қуввати ва қўшилган қиймат занжирларини яратишдир. Туркиянинг саноат тажрибаси, технологик имконияти ва халқаро бозорлар билан алоқалари Ўзбекистонда ривожланаётган қайта ишлаш саноатини янада кенгайтиради.
Бу Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа туркий давлатлар компаниялари иштирокида минтақавий ҳамда Европа бозорларига мўлжалланган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини яратади.
Транспорт соҳасини ривожлантириш яна бир стратегик устувор йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистон учун халқаро транспорт йўналишларини диверсификация қилиш нафақат тижорат вазифаси, балки узоқ муддатли иқтисодий суверенитет масаласидир. Марказий Осиёни Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Европа билан боғловчи Ўрта коридор халқаро юк ташишда тобора долзарб йўналишга айланмоқда.
Бу борада фақат инфратузилманинг ўзи етарли эмас. Божхона тартиб-таомилларини уйғунлаштириш, ҳужжатларни рақамлаштириш, транзит тарифларининг олдиндан прогноз қилиниши ва чегара назоратини самарали ташкил этиш зарур. “E-Permit” тизими доирасидаги ҳамкорлик ТДТнинг ушбу соҳада амалий ечимларни таъминлашга қодирлигини аллақачон намоён этмоқда.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорликда катта истиқболлар мавжуд. Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш режалари ҳамда Қозоғистон ва Озарбайжон иштирокида экологик тоза электр энергиясини узатиш бўйича ташаббуслар Марказий Осиёнинг энергетика ресурсларини Европа билан боғлаш имкониятларини очмоқда. Туркия ушбу лойиҳаларни амалга оширишда муҳим географик ва инфратузилмавий ўрин тутиши мумкин.
Европа, айниқса, Венгрия нуқтаи назаридан қараганда, ТДТни Европа билан ҳамкорликка муқобил тузилма ёки унга рақобатчи сифатида баҳоламаслик лозим. Аксинча, у транспорт ўзаро боғлиқлигини яхшилаш, таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва Европа билан Марказий Осиё ўртасида янги иқтисодий имкониятлар яратишга қодир бўлган қўшимча минтақавий механизмдир.
Шунингдек, маданий дипломатия, таълим алмашинуви, илмий ҳамкорлик ва академик мобиллик узоқ муддатли минтақавий интеграциянинг мустаҳкам асосига айланиши мумкин. Бу йўналишлар Европа университетлари ва илмий-тадқиқот муассасалари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади.
Ташрифдан кутилаётган натижаларга келсак, у Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлайди, транспорт, энергетика ва инвестициялар соҳаларидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлайди. Кўп томонлама мавжуд келишувлар ва воситалар, жумладан, Туркий инвестиция жамғармаси ҳамда рақамли савдо механизмларини амалиётга татбиқ этиш алоҳида аҳамият касб этади.
Кенг геосиёсий нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистоннинг ташкилот фаолиятидаги фаол иштироки минтақавий кун тартибини шакллантиришда Марказий Осиёнинг мустақил ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тошкент Марказий Осиё мамлакатлари манфаатлари, Каспийорти йўналиши ва Европанинг иқтисодий имкониятлари ўртасида муҳим боғловчи бўғинга айланиши мумкин.
Анқарадаги учрашувнинг стратегик аҳамияти сиёсий ҳамжиҳатликдан янада чуқур амалий интеграцияга ўтиш имконияти билан белгиланади.
Ўзбекистон учун бу иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, транспорт ўзаро боғлиқлигини яхшилаш ва минтақадаги мавқеини мустаҳкамлашни англатади. ТДТ учун эса бу улкан иқтисодий ва географик салоҳиятни барча аъзо давлатлар учун сезиларли афзалликларга айлантириш имкониятидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси