Ўзбекистон ва Озарбайжон консуллик йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтирди
Октябрь 30, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 141
БОКУ, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Боку шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида консуллик маслаҳатлашувларининг тўртинчи раунди бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда томонлар фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Музокаралар чоғида консуллик хизматлари ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, кун тартибидан миграция, юстиция, статистик маълумотлар алмашиш ва шартнома-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари ҳам ўрин олди. Томонлар тегишли идоралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Консуллик хизматлари раҳбарлари икки мамлакат ўртасида эришилган стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасини юқори баҳолаб, дўстона алоқаларни янада ривожлантириш зарурлигини қайд этдилар.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ТИВ делегацияси Озарбайжонда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам учрашди. Консуллик хизмати вакиллари фуқаролик, миграция, бандлик ва таълим соҳаларига оид долзарб саволларга батафсил жавоб бердилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси