Туркиядан муносабат: Тошкент фаол, дадил ва прагматик дипломатияни танламоқда
Декабрь 21, 2025. 09:00 • 3 дақ
• 44
АНҚАРА, 21 декабрь. /“Дунё” АА/. Анқара инқирозлар ва сиёсат тадқиқотлари маркази (АНКАСАМ) раҳбари, профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол “Дунё” ахборот агентлиги учун берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ҳамда “Марказий Осиё + Япония” саммитидаги иштироки якунлари ҳақидаги фикрларини баён қилди.
— Баъзан биргина хорижий ташриф мамлакатнинг ташқи сиёсати ҳақида ўнлаб дастурий ҳужжатлар ва баландпарвоз декларациялардан кўра кўпроқ маълумот беради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 18-20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган ташрифи айнан шундай воқеа бўлди. Бу Тошкент воқеалар ортидан эргашишни эмас, балки улардан бир қадам олдинда юришни афзал кўриб, фаол, дадил ва прагматик дипломатияни танлаётганининг аниқ ва равшан сигналидир. Бу — уфқларни кенгайтириш, халқаро мавқени мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг глобал кун тартибида ўз ўрнини ишончли намоён этиш йўлидир.
Токио дастурининг мазмунан бойлиги ташрифнинг илк соатлариданоқ яққол кўзга ташланди. 19 декабрь куни Япония Императори қабулида бўлиш — юксак сиёсий эҳтиром белгиси, парламентнинг ҳар икки палатаси раҳбарияти билан учрашувлар, юзта Япония компанияси иштирокидаги кенг кўламли бизнес-форум, бешта етакчи корпорация билан алоҳида музокаралар ҳамда Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги билан ўтказилган батафсил мулоқот шулар жумласидандир. Бундай тиғиз жадвал ташриф протоколларни бажариш учун эмас, балки аниқ қарорлар, муҳим келишувлар ва натижага эришиш учун тузилганидан далолат беради.
Ташриф жараёнини кузатар эканман, сиёсат, иқтисодиёт ва институтларнинг бир-бирини ўзаро кучайтирувчи нозик уйғунлигига гувоҳ бўлдим. 20 декабрь куни ушбу мантиқ “Марказий Осиё + Япония” саммитида, икки томонлама музокараларда ва Япония Бош вазири билан ўтказилган расмий учрашувда ўз аксини топди. Буларнинг барчаси шуни кўрсатадики: Ўзбекистон бугун халқаро кун тартибида шунчаки иштирок этмаяпти — у тобора ишонч билан унинг қоидалари ва параметрларини шакллантиришда қатнашмоқда.
Кенгроқ маънода, ушбу ташриф Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг сермазмун ва фаол ташқи сиёсий даврлардан бири бўлган 2025 йилга тўлақонли мутаносиб бўлди. Шавкат Мирзиёев сиёсати янги имкониятларни очувчи аниқ йўналишларга асосан қурилмоқда: халқаро алоқалар географияси муттасил ўсиб бормоқда, уларнинг мазмуни эса чуқур ва амалий тус олмоқда. Шу фонда Марказий Осиё аста-секин “чекка ҳудуд” бўлишдан тўхтаб, транспорт, энергетика ва инвестициялар соҳасида нуфузи ортиб бораётган Евроосиёнинг мустақил тугунига айланиб бормоқда. Айнан Ўзбекистон бугунги кунда минтақани янги энергия ва маъно билан тўлдирган ҳолда ушбу жараёнга жадал суръат бермоқда.
Ўзбекистон инфратузилмасини модернизация қилишга йўналтирилган Япония инвестициялари ҳамкорликнинг мустаҳкам иқтисодий асосини ташкил этади. Бу шунчаки тарқоқ лойиҳалар ёки бир марталик қадамлар эмас, балки йиллар давомига мўлжалланган тизимли ишдир.
Мулоқотнинг иқлимий ва гуманитар жиҳатлари — айниқса, Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган йил фонида алоҳида эътиборга лойиқ. Марказий Осиё учун иқлим ўзгариши аллақачон мавҳум мавзу бўлишдан тўхтаган: музликлар эриши тезлашмоқда, сув камаймоқда, ҳарорат йилдан-йилга кўтарилмоқда. Бундай шароитда Япониянинг қайта тикланувчи энергия, энергия самарадорлиги, “яшил” технологиялар ва фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш тизимлари соҳасидаги тажрибаси нафақат амалий, балки стратегик аҳамият касб этади. 900 дан ортиқ мутахассисларнинг Япония таълим дастурлари бўйича тайёрланиши эса «яшил» трансформациянинг мустаҳкам кадрлар пойдеворини яратади, экологик кун тартибини мустаҳкамлайди ва Токио билан Тошкентни узоқ муддатли жонли алоқалар билан боғлайди.
Геосиёсий ўлчам ҳам муҳимлигича қолмоқда. Табиий ва технологик ресурслар учун рақобат кучайиб бораётган бир шароитда Япония Марказий Осиёга тенг ҳуқуқлилик ва суверен манфаатларни ҳурмат қилишга асосланган ҳамкорлик моделини таклиф этмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги Япония ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаши, ижтимоий соҳадан тортиб хавфсизлик, энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришгача бўлган қўшма лойиҳалар икки томонлама муносабатларнинг юқори ишонч ва етуклик даражасини кўрсатади.
Бу Туркия учун ҳам муҳим сигналдир: Марказий Осиё қардош минтақа сифатида ўз мустақиллигини ишончли тарзда мустаҳкамламоқда, Япония билан шериклик эса бутун Евроосиё макони учун янги имкониятлар очмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Эксперт нуқтаи назари: Марказий Осиё ва Россия – янги форматдаги кўп томонлама ҳамкорлик
Туркий давлатлар интеграцияси: Барқарор тараққиёт ва ҳамкорликка йўл