Ўзбекистон–Иордания Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича келишув имзоланди
Февраль 18, 2026. 14:00 • 42 сония
• 47
ТОШКЕНТ, 18 февраль. / “Дунё” АА/. Ислом савдо ва тараққиёт палатаси (ICCD) Бош ассамблеясининг 41-йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Иордания ўртасида Ўзбекистон–Иордания Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳужжат Ўзбекистон ССП раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Қурбонов ҳамда Иордания Савдо палатаси раиси, сенатор Халил Муҳаммад Эл-Ҳаж Тавфиқ томонидан имзоланган.
Мазкур кенгаш икки давлат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, савдо миссиялари ва B2B учрашувларни мунтазам ташкил этиш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун доимий платформа вазифасини бажаради.
Кенгаш доирасида фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, энергетика, логистика, молия ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган. Бу эса қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, инвестицияларни жалб этиш ва Ўзбекистон тадбиркорларининг Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
