Logo

Женевада АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

Февраль 18, 2026. 12:30 • 2 дақ

64
Женевада АҚШ ва Эрон ўртасида музокаралар бўлиб ўтди
“AFP” агентлиги сурати

ЖЕНЕВА, 18 февраль. /“Дунё” АА/. Швейцарияда Америка ва Эрон делегациялари ўртасидаги билвосита ядровий музокаралар “йўл-йўриқлар тўплами” тўғрисидаги келишув билан якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The New York Times” газетасига таяниб.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчининг сўзларига кўра, томонлар эҳтимолий битимнинг қораламаларини алмашишга келишиб олган, бироқ бу келишув яқин орада тузилишини англатмайди. У битим муқаррар эмаслигини айтди.

Вазир, Эрон давлат телевидениесига Женевада бўлиб ўтган ва тахминан уч соат давом этган музокаралар “конструктивроқ” бўлгани ва шу ойда Уммонда бўлиб ўтган музокараларнинг аввалги раундига нисбатан “яхши тараққиёт”га эришиш имконини берганини айтди.

“Энди бизда олдинга аниқ йўл бор, бу, менинг фикримча, ижобий ҳолат”, - деди дипломат.

Америка томони музокараларга дарҳол очиқ изоҳ бермади, аммо газетанинг америкалик расмий манбаси иккала томон ҳам олдинга силжиганини айтди ва яқин икки ҳафта ичида эронликлар АҚШ билан баъзи келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича батафсилроқ таклифлар киритишини қўшимча қилди.

“The New York Times”нинг учрашувлар жараёнидан хабардор бўлган эронлик манбалари Эрон ядровий бойитишни 3-5 йилга тўхтатиб туришга тайёрлигини билдирди. Бу Дональд Трамп президентлиги даврини қамраб олади, кейин эса фуқаролик уранни бойитиш бўйича минтақавий консорциумга қўшилади.

“Эрон томони ҳам халқаро инспекторлар иштирокида ўз ҳудудидаги уран захираларини қисқартириш ниятида, - дея қайд этади газета. - Бунинг эвазига Эрон АҚШдан молиявий ва банк санкцияларини, нефть савдосига қўйилган эмбаргони бекор қилишни талаб қилди”.

Музокаралар Умоннинг Женевадаги элчиси қароргоҳида мамлакат ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий бошчилигида бўлиб ўтди, у ҳам аввалги раундларда воситачилик қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш