Ўзбекистонни қайтадан кашф этаётган америкаликлар мамлакатимизни ўз кўзлари билан кўришга қарор қилишмоқда
Октябрь 10, 2023. 15:31 • 2 дақ
• 99
ВАШИНГТОН, 10 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик имкониятлари билан таништириш мақсадида "International Club DC" нодавлат нотижорат ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликда америкалик расмий, ишбилармон ва академик доиралар вакиллари иштирокида маданий кеча ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир чоғида меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик имкониятлари, маданий-тарихий марказлари, диққатга сазовор масканлари, шунингдек, мамлакатимизнинг сармоявий салоҳияти ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
"International Club DC" раҳбари Санжай Хеттихева ўз чиқишида 60 минг нафарга яқин мутахассисларни ўз атрофига бирлаштирган мазкур ташкилот мамлакатимизнинг миллий брендини тарғиб қилиш учун яхши платформа ҳисобланишини айтди. "Бугун Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирни намунали, деб ҳисоблаш мумкин, чунки мамлакатнинг бой тарихий мероси ва улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги тақдимот юқори савияда ўтказилди", деди у.
АҚШ Давлат департаменти ташқи ишлар бўйича тадқиқотчиси Энн Комптоннинг айтишича, ушбу маданий тадбир ҳамма учун жуда фойдали бўлди, чунки унинг доирасида замонавий Ўзбекистон ҳақидаги кўпгина муҳим маълумотлар ўртоқлашилди. "Таъкидлаш жоизки, ушбу элчихона Вашингтон шаҳридаги энг гўзал ваколатхоналардан бири бўлиб, Ўзбекистондан олиб келинган музей экспонатлари ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини яққол намойиш этади", деди у.
Юқоридагилар билан бирга, Жоржтаун университетининг халқаро алоқалар бўйича директори Keлли МакГрат ҳам ушбу тадбирда қатнашган америкалик иштирокчилар Ўзбекистонни том маънода кашф этишганини, энди улар мамлакатимизни ўз кўзлари билан кўришни исташини айтди.
Тадбир чоғида ўзбек диаспораси вакиллари томонидан тайёрланган маданий дастур намойиш этилди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, 2003 йили ташкил этилган "International Club DC" ташкилоти Вашингтон шаҳридаги дипломатия ваколатхоналари билан биргаликда брифинг, давра суҳбати, маданий ва бошқа турли тадбирларни ташкил этишга ихтисослашган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Иордания таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда
Ҳиндистондаги ватандошимизга «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони топширилди