Ўзбекистон–Ўмон: тарихий муштараклик, сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари
Ноябрь 17, 2026. 08:10 • 7 дақ
• 48
ТОШКЕНТ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки кунлик давлат ташрифи билан Ўмонга борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий тарихий-маданий қадриятларга асосланган. Географик жиҳатдан турли минтақаларда жойлашган икки мамлакатни асрлар давомида шаклланган савдо йўллари, илм-фан ва маданият соҳасидаги алоқалар ҳамда ислом цивилизациясининг муштарак мероси боғлаб туради.
Бугунги кунда ушбу тарихий яқинлик сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати ҳамда Ўмоннинг минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ёндашуви ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Айниқса, инвестициялар, транспорт ва логистика, туризм, таълим, маданият ҳамда замонавий технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари алоҳида аҳамият касб этади.
Ўмон Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини 1991 йил декабрь ойида тан олган. 1992 йил 22 апрель куни икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши ўзаро ҳамкорликнинг расмий-ҳуқуқий асосини яратди.
2009 йил Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ҳукуматлари ўртасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонаси биносини қуриш бўйича битим имзоланган. Ушбу ҳужжат доирасида Ўмон томонидан беғараз ажратилган 20 миллион доллар маблағ ҳисобига Тошкент шаҳрида Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондининг янги кутубхонаси қуриб фойдаланишга топширилган.
2010 йил апрель ойида Тошкентда Ўмон Султонлиги элчихонаси, 2018 йил июль ойида Маскатда Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси фаолияти йўлга қўйилди. 2024–2026 йилларда амалга оширилган икки давлат идоралари вакилларининг ўзаро ташрифлари шериклик муносабатларига янги суръат бағишлади.
2024 йил 15 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари” стратегик мулоқоти доирасида ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши ташкил этилди. Унда Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий қатнашди. У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.
Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидийнинг 2025 йилда ҳам мамлакатимизга ташриф буюриши икки томонлама сиёсий мулоқот изчил давом этаётганини кўрсатди. Олий даражадаги учрашувлар, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар ва парламентлараро алоқалар ўзаро муносабатларнинг институционал асосларини мустаҳкамламоқда.
Жорий йил 26–29 октябрь кунлари Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Ўмон Султонлигига сафар қилди. Ташриф доирасида Ўмон Маслаҳат кенгаши раиси Холид ал-Маавали ҳамда Давлат кенгаши раиси Шайх Абдулмалик бин Абдуллоҳ ал-Халилий билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Музокараларда парламентлараро мулоқот ва тажриба алмашинуви ҳар икки мамлакат учун ҳам манфаатли экани таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бири савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришдир.
Савдо кўрсаткичлари мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун ҳали кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва янги бозорларга чиқиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Ҳозирда Ўзбекистонда Ўмон капитали иштирокида 8 та корхона, жумладан, 3 та қўшма ва 5 та хусусий корхона фаолият кўрсатмоқда. “Ўзбекистон–Ўмон” инвестиция компанияси томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 255,7 миллион доллар бўлган 15 та лойиҳа молиялаштирилган.
Иқтисодий ҳамкорликни мувофиқлаштиришда Ўзбекистон–Ўмон Ҳукуматлараро қўшма комиссияси муҳим ўрин тутади. 2025 йил 12 июнь куни Тошкентда комиссиянинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унинг доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
2026 йил 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтган бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Ўмон иқтисодиёт вазири Хамис ал-Жабрий бошчилигидаги делегация иштирок этди. Форум доирасида Ўмон делегацияси билан олий даражадаги учрашув ҳам ўтказилди.
Жорий йил 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири бошчилигидаги делегациянинг Масқатга ташрифи давомида умумий қиймати 5,3 миллиард долларга тенг савдо-иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар пакети шакллантирилди. Ушбу ташаббуслар ўзаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.
Ўзбекистон Президенти жорий йил 16 октябрь куни Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Ўмоннинг “Voltamp Energy” компанияси директорлар кенгаши раиси Саййид Айман ал-Бусаидийни қабул қилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, қуёш электр станцияларини барпо этиш ва юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда транспорт ва логистика соҳаси алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги географик ўрни ҳамда Ўмоннинг денгиз портлари орқали халқаро савдо йўлларига чиқиш имкониятлари ўзаро манфаатли транспорт ҳамкорлигини ривожлантириш учун замин яратади.
Ўзбекистон экспорт йўналишларини кенгайтириш мақсадида Ўмон портлари, эркин иқтисодий зоналари ва логистика инфратузилмаси имкониятларидан фойдаланишдан манфаатдор. Бу борада “Соҳар” эркин иқтисодий зонасида Ўмон–Ўзбекистон қўшма логистика компаниясини ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2026 йилда Ўмоннинг “Asyad” гуруҳи Ўзбекистондаги иккита йирик логистика маркази ва платформасида салмоқли улушга эга бўлди.
Амалий ҳамкорликнинг яна бир муҳим натижаси 2026 йил июль ойидан Тошкент ва Маскат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши бўлди. “Oman Air” авиакомпанияси томонидан ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган парвозлар ишбилармонлик алоқалари, туризм ва халқлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон ва Ўмон муносабатларида маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Икки мамлакатни умумий исломий қадриятлар, тарихий меросга ҳурмат, илм-фан ва маърифатга бўлган эътибор бирлаштириб туради. Маданият, таълим, туризм ва илмий алмашинувларга қаратилган ташаббуслар халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
2025 йилда маданий алоқалар янада фаоллашди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева 18–21 январь кунлари Маскатда бўлиб ўтган “Сўфий мусиқаси” фестивалида иштирок этди. Ўмоннинг маданият соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича “Байт аз-Зубейр” фонди томонидан ташкил этилган ушбу халқаро тадбирда Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи ва анъаналари тарғиб қилинди.
2025 йил 6–7 июль кунлари Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси бошчилигидаги делегациянинг Ўмонга ташрифи доирасида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган “Road Show” тадбирлари ўтказилди.
Таълим соҳасидаги ўзаро алмашинувлар ҳам изчил ривожланмоқда. 2025 йилда Султон Қобус номидаги араб тилини ўргатиш институтида ўзбекистонлик 35 нафар араб тили ўқитувчиси ва талабаси учун икки ойлик малака ошириш курслари ташкил этилди. Шунингдек, 2025 йил 11–17 май кунлари Тошкентда ўмонлик ёш дипломатлар учун, 2026 йил 11–15 февраль кунлари эса Маскатдаги Ўмон дипломатик академиясида ўзбекистонлик ёш дипломатлар учун ўқув курслари ўтказилди.
Икки мамлакат ўртасида илмий ва технологик ҳамкорликнинг янги йўналишлари ҳам шаклланмоқда. 2025 йил ноябрь ойида “Ўзбеккосмос” агентлиги делегациясининг Маскатга ташрифи давомида “OmanLens” ва “Mars Development and Investment” компаниялари ўртасида космик технологиялар соҳасидаги келишувларга эришилди.
Ўзбекистон–Ўмон муносабатлари узоқ тарихга эга. Марказий Осиё ва Арабистон яримороли ўртасидаги алоқалар асрлар давомида савдо йўллари, денгиз қатновлари, илм-фан ва диний-маърифий мулоқот орқали ривожланган. Бу жараёнларда Мовароуннаҳрнинг йирик илм-фан марказлари – Самарқанд ва Бухоро алоҳида ўрин тутган.
Ўмондаги айрим меъморий обидалар ва маданий иншоотларда Марказий Осиё ислом меъморчилигига хос безаклар ҳамда бадиий ечимлардан илҳомланган услубларни учратиш мумкин. Хусусан, Маскатдаги Ўмон миллий музейининг меъморий қиёфасида Бухородаги Мир Араб мадрасасини эслатувчи безаклар мавжуд.
Султон Қобус масжиди ва Соҳар шаҳридаги Султон Қобус жоме масжиди безакларида ҳам Марказий Осиё меъморчилик анъаналарига хос айрим нақшлар ва услубий хусусиятлар кўзга ташланади. Бундай мисоллар икки минтақанинг умумий исломий бадиий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Икки минтақа ўртасидаги тарихий муносабатларни ўрганишда темурийлар давридаги дипломатик сафарлар ҳам муҳим манба ҳисобланади. XV асрда яшаган тарихчи ва давлат арбоби Абдураззоқ Самарқандий ўзининг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида 1442 йилда Ҳиндистонга юборилган элчилик сафари ҳақида маълумот берган.
Унинг маълум қилишича, элчилар Ҳиротдан йўлга чиқиб, Маскат соҳилларига етиб келган ва кема билан боғлиқ масала туфайли Ўмон ҳудудида бир неча ой қолган. Бу маълумотлар Ўмоннинг ўрта асрларда ҳам халқаро денгиз қатновлари ва дипломатик сафарлар билан боғлиқ муҳим ҳудудлардан бири бўлганини кўрсатади.
Тарихий манбалар, меъморий обидалар ва илмий меросни биргаликда ўрганиш Ўзбекистон–Ўмон муносабатларининг маънавий асосларини янада чуқурроқ англаш имконини беради. Бундай тадқиқотлар илмий муассасалар, музейлар, архивлар ва университетлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун янги йўналишларни очишга замин яратади.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни қамраб олган кўп қиррали шериклик сифатида ривожланмоқда. Дипломатик муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, олий даражадаги учрашувлар ва мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар икки томонлама ҳамкорликни изчил давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон ва Ўмонни боғлаб турган тарихий-маданий муштараклик бугунги ҳамкорликка маънавий мазмун бағишлайди. Ушбу меросни асраб-авайлаш ва ривожлантириш икки мамлакат муносабатларининг келгуси тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси