Logo

Ўзбекистон Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги делегацияси Буюк Британияга борди

Ноябрь 24, 2023. 12:52 • 2 дақ

292
Ўзбекистон Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги делегацияси Буюк Британияга борди

ЛОНДОН, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев бошчилигидаги делегация амалий сафар билан Буюк Британияга борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сафар давомида Портсмут университети раҳбарияти ва бу ерда амалиёт ўтаётган Ўзбекистон вакиллари билан учрашув ўтказилди.


Портсмут университети ректори Крис Чанг билан кечган  суҳбат давомида хорижий томонга юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил ахборот берилди.


Портсмут университети вакиллари билан профессор ва ўқитувчилар малакасини ошириш, бакалавр ва магистратура йўналишларида икки томонлама диплом бериш дастурини жорий этиш, шунингдек, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.


Ректор Крис Чанг Ўзбекистоннинг олий таълимни ривожлантиришга сармоя киритиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. «Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда таълим соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонлик шериклар билан таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётган Буюк Британиянинг бир қатор университетлари орасида борлигимиздан жуда мамнунмиз», деди у.


Британия томони, шунингдек, 2024 йилда Портсмут университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш бўйича тегишли идоралар билан мулоқот қилиш истагини билдирди.


Ташриф давомида ушбу университетда «Директорлар учун мактабларни ривожлантириш» дастури бўйича амалиёт ўтаётган Ўзбекистон мактаблари директорлари билан мулоқот ўтказилди. Суҳбат  давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таълим соҳасини ривожлантириш бўйича илгари сурган муҳим ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ҳамда хорижий тажрибани мамлакатимиз таълим муассасаларига жорий этишнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш